вторник, 11 апреля 2017 г.

ЎЗИМИЗ, ЎЗЛИГИМИЗ, ЎЗБЕГИМИЗ ВА ЎЗБЕКИСТОНИМИЗ ҲАҚИДА

ЎЗИМИЗ, ЎЗЛИГИМИЗ, ЎЗБЕГИМИЗ ВА ЎЗБЕКИСТОНИМИЗ ҲАҚИДА
Ҳеч ким мутлақ маънода Ўзбеклар ва Ўзбекистон ёмондир, деб айта олмайди. Бунга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳозир айтилаётан гаплар нега Ўзбекистонликларнинг орасида террор ҳужумларини амалга оширадиганлар сони кўпайиб бормоқда, Ўзбекистонда бунга сабаб бўладиган ижтимоий сиёсий нуқсонлар борми, деган маънода айтилмоқда менимча...

Кейин ичкаридаги ўзбеклар ва ташқаридаги ўзбеклар, дейишининг у қадар маъноси қолмади ҳозирги шартларда. Чунки глобаллашув шартларида, хабарлашиш ва ахборот алмашуви бунчалик осон ва оммавийлашган шартларда ҳаммамиз бир пайтнинг ўзида ҳам ичкарида, ҳам ташқаридамиз. Демак, кемамиз бир, кемага тушганларнинг жони ҳам бир. Шундай экан мақсад ҳам бир бўлиши керак. Нима қилсак, ўзимизни, ўзлигимизни, мусулмон ўзбеклигимизни ва юз йиллардан кейин тақдир тақозаси билан ўртага чиққан Ўзбекистонимизни сақлаб қоламиз, моддий ва маънавий жиҳатдан тараққий қилдира оламиз...
Ўзбекистон ҳозир халқ ва давлат сифатида янги бир босқичда турибди. Мустақилликдан кейинги чорак асрда яхши кун кўрмадик, бугун эса яхши кун кўришга уриниш бор, имкон бор. Муҳими бу имкониятни шахсий манфаатпарастлик, мансабпарастлик, ланганбордорлик билан йўққа чиқармасликдир. Айниқса қўшнилар билан алоқаларни қайта тиклашга катта уриниш бор. Бунининг сабаби ҳозирги геополитика шартларида ҳеч бир халқ ва давлат ёлғиз тараққий қила олмайди, ўзининг манфаатларини бир ўзи қўрий олиши ниҳоятда қийин. Шундай экан, такрор ва такрор айтилгани каби Ўрта Осиё халқлари ва давлатлари орасида амалий ҳамкорлик шартдир. Шу бир ҳақиқатки, Ўзбекистон ва қўшниларимиз орасидаги алоқалар ҳозирги раҳбариятнинг ташаббуси ва амалий сиёсати билан ижобий томонга ўзгара бошлади...
Яна бир муҳим масала, фақат сўзда эмас, амалда ўзлигимизни, ватанимизни қўришга, қўллаб қувватлашга уриниш масаласидир. Гапириш осон, амал қилиш, иш қилиш қийин. Чет давлатларда миллионлаб Ўзбекистонликлар бор, аммо улар орасида амалий ҳамкорлик қандай, ўзлигимизни сақлаб қолишга уриниш қандай?
Ўз тажрибамдан биламан, четда яшаш қийин, хорижда уч тўрт Ўзбекистонликни бир орага келтириш осон иш эмас. Бу маънода "Туркистонликлар Жамияти" ўлароқ аввал Аллоҳ ризоси, қолаверса халқимиз вакилларининг мушкулини осон қилиш учун уч тўрт йилдир илмий, маърифий, ижтимоий ва ҳуқуқий соҳаларда бир мунча ижобий ишларни амалга оширишга муваффақ бўлдик. Бу билан асосан Туркияда, қолаверса бошқа давлатларда муҳожирликда яшаётган мусулмон ёру биродарлар бир бирлари билан танишдилар, сен у тушунчадасан, мен бу йўлдаман, дея ихтилоф қилишни бир чеккага қўйиб, имон ва яхшилик йўлида ҳамкорлик қилишга ҳаракат қилишди. Шу тарзда юзларча муҳожир ҳамюртларимизга амалий ёрдамлар берилди, қурултойлар ўтказилди...
Ҳозир ҳукумат қилаётган баъзи ишларда эҳтиёткорлик эмас, хўжакўрсинга иш қилишга мойиллик бордай назаримда. Масалан, бир неча машҳур сиёсий маҳбуслар узоқ йиллик қамоқхона жазосидан озод қилинди. Бу мухолифат вакиллари томонидан ҳам, халқаро майдонда ҳам ижобий баҳоланди. Шу билан бирга ҳаммамиз мустқилликнинг илк чорагида ноҳақ қамалган сиёсий ва диний мухолифларнинг барчасининг, айниқса муслима мазлумаларнинг озод қилиниши, номларининг оқланиши кутмоқдамиз. Худдий шундай сиёсий барқарор бўлмаган қадамларни табдирклорликни ривожлантириш, оммавий ахборот воситаларини эркинлаштириш ишларида ҳам кўрмоқдамиз. Бир киши ваъда бериб бажармаса бир бало, ҳукумат ваъда бериб бажармаса, бундан минг бало ва муаммо туғилиши аниқдир.
Бутун халқ фуқароларининг барча масалаларда бир хил фикрда бўлиши албатта мумкин эмас. Кимдир кимдандир рози, кимдир кимдандир норози. Замонавий давлатчиликда ҳукуматларни сиёсий жиҳатдан танқид қилиш, мавжуд ҳукумат билан сиёсий курашга киришиш одатий ҳолдир. Аммо бундай танқид ва курашдан мақсад асло ва асло давлатнинг ўзини йиқитиш эмаслигини ҳам ҳаммамиз яхши тушунишимиз керак. Чунки давлатимиз ватанимиз каби умумий уйимиз, ҳаммамиз сафар қилаётган умумий кемамиздир. Давлат дарз кетадиган бўлса ва ҳатто йиқиладиган бўлса, бу ҳар бир фуқаронинг уйига ўт кетишини, умумий кеманинг дахшатли тўлқинлар ичида сув қаърига ботишини билдиради. Шунинг учун сиёсий жиҳатдан ҳукуматни ижобий ва амалий танқид қилиш ҳаққимиз бўлгани ҳолда, халқни, миллатни бирлаштириб турган, кучини, илҳомини бир нуқтага жамлаган давлатимизни инқирозга учратишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, деб биламан. Эски сиёсий ҳақиқатга кўра, ҳукуматлар ва давлат раҳномалари келиб кетиб туради, аммо халқ, миллат ва давлат доимо ўз ўрнида туради. Бугун давлатлар бир бирига панд беришга уринаётган, катта давлатлар кичкина давлатларни ўзларига бўйсундиришни мақсад қилиб олган, бунинг учун халқаро майдонда турли сиёсий ўйинлар, ҳатто фитналар қилаётган пайтда бу ҳақиқатни билиш ва унга амал қилиш Ҳақ тарафида турган, халқи ва давлатини яхши кўрган ҳар бир фуқоранинг бурчи бўлиши керак.
Хуллас, бугун фақат танқидгина эмас, фақат ёмонлаш эмас, яхши сўз айтиш ва яхши амал қилиш, бу йўлда ҳаммамизнинг ҳамкорлик қилишимиз керак бўлган кунлардир. Халқимиз, ватанимиз ва давлатимиз янги бир моддий ва маънавий тараққиёт босқичи томон қадам қўяр экан, бу мақсаднинг амалга ошиши учун қўлни қўлга берайлик.
Намоз НОРМЎМИН
12.04.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий