воскресенье, 14 мая 2017 г.

ДАВЛАТ ХАЛҚНИ БОҚМАЙДИ

Балки Ўзбекистонинг янги мафкураси шу шиор бўлиши керакдир. Аммо у фақат моддий тараққиётга ишорат қилади. Бизинг ҳақиқий мафкурамиз мусулмончиликнинг ижтимоий асоси бўлган "Моддий ва маънавий тараққиётни, яъни бу дунё ва охирт қадриятларини биргаликда истаймиз" шиоридир...

Давлат халқни боқмайди...Аҳолиси 1 Миллиард 400 миллионлик Хитойда мана шу шиорга амал қилинди. Бундан 40 йил олдин Хитой раҳбари Дэн Сяопин "давлат халқни боқмайди, халқ ўзини ўзи боқади, давлатнинг вазифаси эса ўзини ўзи ва давлатни боқадиган халқни бошқариш, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг қадриятларини қўришдир", деган шиорни ўртага ташлади ва у пайтлар аҳолиси 1 Миллиард бўлган Хитойликларни очликдан ва қашшоқликдан қутқариб қолди...
"ДАВЛАТ ХАЛҚНИ БОҚМАЙДИ. ХАЛҚ ЎЗИНИ БОҚАДИ ВА ДАВЛАТНИНГ ВАЗИФАСИ ЎЗИНИ ЎЗИ ВА ДАВЛАТНИ БОҚАДИГАН ХАЛҚНИ БОШҚАРИШ, УНИНГ ҲУҚУҚЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ВА УНИНГ ҚАДРИЯТЛАРИНИ ҚЎРИШДИН ИБОРАТДИР".
Қандай содда, ҳатто ўрта мактаб ўқувчилари ҳам тушуна оладиган сиёсий ҳақиқат. Аммо Ўзбекнинг раҳбарлари буни тушунмайди, тушунишни истамайди. Ислом Каримов 27 йил халқни боқаман, деб чиранди, халқ фақат унинг бу чиранишига боқиб ўтирди, аммо бундай жоҳилона сиёсат туфайли давлат ҳам, халқ ҳам қашшоқ бўлиб қолди...
Давлат халқни боқмайди...Агар бундай хато мафкура билан сиёсат олиб борилса, давлат (аслида ҳокимиятни эгаллаб олган бир тўда инсофсиз тўралар) халқни биз боқамиз, деб халқни эзади, тепади, уради, сўкади, ҳақорот қилади. Чунки уларга кўра, халқнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди, ҳалқ ўзини ўзи боқа олмайди, халқда истеъдод, қобилият, ташаббус ва истеъдотд йўқдир. Шунинг учун халқни боқиш керак, бунинг учун эса халқни тепиш керак...Акс ҳолда халқ ишламайди, халқнинг ягона ҳуқуқи бу тўралардан мушт ейиш ва тепки ейиш...
Хитой бундай ахмоқона сиёсатдан воз кечди ва 1,4 Миллиард хитойликлар бугун ўзларини ўзлари боқадиган даражага келдилар. Аммо Ўзбекистонда ҳали ҳам "давлат халқни боқади" сиёсати давом эттирилмоқда ва Хитойнинг қирқдан бири ҳам бўлмаган 32 миллион Ўбекистон фуқароси оч ва юпун, мамлакат қашшоқ, давлат кучсиз...
Хитой халқ ўзини ўзи боқади, дея халқига хусусий ва ижара ташаббуси берди. Бу туфайли Хитой халқи ўз кунини ўзи кўра бошлади, ҳамма ишга тушиб кетди. Хитой деҳқони, фермери, кичкина ва ўрта даражадаги тадбиркорлари шу тарзда "Хитой модели", дейилган иқтисодий инқилобни амалга оширдилар.
Ислом Каримов эса 27 йил халққа иқтисодий, тижорий ҳуқуқлар ва имконлар бермади, халқни мен боқаман, давлат боқади, деди. Натижа эса маълум: Ўзи ўлди кетди, аммо орқада қўлида ҳеч вақоси йўқ халқ ва давлат қолди...Демак, давлатнинг вазифаси халққа товуқ тарқатиб буни боқ, дейиш эмас. Халқ ўз аҳволидан ва иқтисодий аҳволдан келиб чиқиб, истаса товуқ, истаса сигир, истаса қўй боқади. Етарки, давлат халққа имкон берсин, унга ҳуқуқ берсин, унинг ҳуқуқини қўрисин...
Хитой халқ ўзини ўзи боқади, деди ва бунга порахўрлик, таниш билишлик билан тўсиқлик қиладиган давлат маъмурларига оғир жазолар бера бошлади.
Ўзбекистонда давлат халқни боқади, дейилди, бу шаклда вазирлардан бошлаб, вилоят, туман ва ҳатто маҳалла оқсоқолига қадар порахўрлик ва таниш билишлик ботқоғига ботди. Мактаблар, лицейлар, университетлар, касалхоналар, давлат идоралари порахўрлик марказига айландилар. Аҳвол шу даражада ёмон ҳолга келдики, янги раҳбар Шавкат Мирзиёев "касалхоналар, туғруқхоналар қандай қилиб порахўрлик маркази бўлади", дея бу аччиқ ҳақиқатни эътироф этишга мажбур бўлди...
Давлат халқни боқмайди, халқ ўзини ўзи ва давлатни ҳам боқади. Бу ҳақиқатга амал қилган Хитой бугун 1,4 триллион долларлик янги "Ипак Йўли" лойиҳасини амалга оширишга киришди. Бугун Тожикистонда 100 минг хитойлик бор. Ўрта Осиёнинг бошқа давлатларида яна қанча юз минг хитойлик бор. Мустақиллик йилларида 15 минг Қирғиз қизи, 25 минг Қозоқ қизи Хитойликларга турмушга чиқди. Булар расмий рақамлар...
Давлат халқни боқмайди...Бу шиорга амал қилган Хитойликлар жадал суръатлар билан дунёга, шу жумладан Ўрта Осиёга иқтисодий ва демографик (инсон кўчириш) босқинчлигини амалга оширмоқда. Хўш, бунинг натижаси нима бўлади? Бунинг натижасида бугун Шарқий Туркистонда Хитойликлар биродарларимиз Уйғурларга қандай зулм қилаётган бўлса, эртага бу зулм биз Ўзбекларнинг, Қозоқларнинг, Қирғизларнинг, Туркманларнинг ва бошқа мусулмонлар халқларнинг бошишга тушиши мумкин...
ДАВЛАТ ХАЛҚНИ БОҚМАЙДИ. НАҲОТ ШУ ОДДИЙ ВА СЕРМАЪНОЛИ ҲАҚИҚАТНИ ТУШУНМАЙСИЗ, ЭЙ ТЎРАЛАР!. ЎЗБЕК ХАЛҚИГА ЎЗИНИ ВА ДАВЛАТИНИ БОҚИШ ИМКОНИНИ ВА ҲУҚУҚИНИ БЕРИНГ. ВАҚТ КЕЧ БЎЛМАСДАН ОЛДИН...
Намоз НОРМЎМИН
14.05.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий