четверг, 4 мая 2017 г.

ТУРКИЯГА ҲАМ ҚИЙИН, ҲАМ ОСОН

Туркияда Президентлик бошқарув тизимига ўтиш жараёни бошлади. Бу жараён 2019 йил кузида бўлиб ўтадиган Давлат Раислиги (Президентлик) сайловлари билан якунланади. Бу мамлакатда 2019 йилда маҳаллий ва Мажлис (парламент) сайловлари ҳам бўлади.
Шу йил 16 Апрелда ўтказилган реферундумнинг натижалари 2019 йилда ўтказиладиган бу уч (маҳаллий, Мажлис, Давлат Раислиги) сайловларининг натижаларини олдиндан тахмин қилиш имконини бермади. Яъни, Тойиб Эрдўғоннинг иқтидордаги Адолат ва Тараққиёт партияси Турк миллатчилари билан иттифоқ ҳолида сайловчиларнинг 51,4% овозини олди. 2019 йилдаги уч сайлов Туркиядаги ички сиёсий курашга аниқлик киритиши ҳам, киритмаслиги ҳам мумкин. Бу масалани тушунтириш унчалик осон эмас. Чунки бугунги Туркиянинг ижтимоий сиёсий таркиби ва жараёни ниҳоятда мураккабдир: Тойиб Эрдўғон ва партияси Исломийлик тарафдори ўлароқ кўрилсада, бу мамлакатда мусулмончилик тарафдорларини унчалик ҳам кучли ва бирлашган, деб бўлмайди. Қолаверса, Отатуркчи секуляризм тарафдорлари, Турк ва Курд миллатчилари ҳам ижтимоий сиёсий ҳаётда муҳим роль ўйнашда давом этмоқдалар. Шунинг учун ҳам 2019 йилда бўлиб ўтадиган бу уч сайловнинг натижасини олдиндан айтиш деярли имконсиздир. Шу сабабдан куни кеча Тойиб Эрдўғон президент бўлишига қарамасдан, ўз партиясига қайта аъзо бўлди. Бундан мақсад 2019 йилда ўтадиган уч сайловгача партия сафларини жипслаштириш ва унинг сиёсий ҳаётдаги ўринини янада мустаҳкамлашдан иборатдир, дейишимиз мумкин.
Туркияга ҳам қийин, ҳам осон деганда, мен фақат бу мамлакатдаги ички ижтимоий сиёсий вазиятни назарда тутмадим. Масаланинг бошқа томони Туркия жойлашган Яқин Шарқ минтақасидаги ниҳоятда қийин ва мураккаб аҳволга ва умумиятла дунё бошқаруви, яъни геополитикадаги катта сиёсий ва манфаат ўйинларига бориб тақалади.
Русия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров яқиндаги баёнотларидан бирида "ҳозир халқаро муносабатларда ҳеч қандай қонун қоида қолмади", деди. Бунинг маъноси бу муносабатларда ким кучли бўлса ўз билганини қилишга ҳақли, деганидир. Яъни, бугун истаган кучли давлат бошқа бир давлатни босиб олиши, унга уруш очиши ёки истаганича бомбалаши мумкин. Худди ҳозирда Сурияни истаган давлатларнинг бомбалаётгани ёки АҚШнинг Шимолий Корея билан ядровий уруш бўсағасига тургани каби...
Туркияга қайтадиган бўлсак, кейинги вақтда бу давлат билан Оврупо Иттифоқи муносабатларининг ниҳоятда совуқлашганига гувоҳ бўлдик. Овруполик сиёсатчилар Тойиб Эрдўғонни "диктаторликда", Туркия раҳбари эса Овруполикларни "фашистликда, салб урушчилари бўлишликда" айблашгача боришди. Бундай қарама қаршиликнинг илдизлари чуқурлиги. яъни Туркия (тарихда Усмонли давлати) ва ғарбликларнинг муносабати мураккаб, тўғрироғи душманча бўлгани маълумдир. Ҳозирги кунда ҳам ғарбликлар (Олмония, Франция ва бошқа давлатлар) Курд миллатчиларини, Фатҳуллоҳ Гулан жамоатини қўллаб қувватлаш орқали Туркиядаги вазиятни издан чиқаришга, бу билан мамлакатни ички бўҳронларга дучор қилишга уринмоқда.Аслида буни ғарбликларнинг мусулмон давлатларига қарши олиб борадиган анъанавий сиёсий ўйини (аниқроғи ҳужуми), дейиш мумкин. Бундай сиёсат билан Ироқ, Афғонистон ва бошқа давлатлар аввал ичкаридан парчаланди, кейин босиб олинди ёки Миср каби ғарбга итоат қиладиган давлатга айлантирилди. Аммо Тойиб Эрдўғоннинг кучли сиёсати туфайли бундай ўйин Туркияда натижа бермади. Бундай вазиятда Туркиянинг Оврупо Иттифоқига аъзолиги жараёнини давом эттириши мумкин бўлмай қолганлиги ҳам ўз ўзидан тушунарлидир.
Шу билан бирга Туркия ва Оврупо Иттифоқи муносабатлари тамоман бузилиб кетади, дейиш ҳам тўғри бўлмайди. Икки томоннинг муносабатлари "бир мушт, бир гўшт" шаклида давом этаверади. Яъни, Туркия Оврупо Иттифоқи учун воз кечиб бўлмайдиган бир "ўртоқдир". Икки томонннинг ўн миллиардча доллар билан ўлчанадиган иқтисодий алоқалари бор. Қолаверса, агар Туркия истаса ўз мамлакатларини уруш ва иқтисодий бўҳронлар натижасида тарк қилишга мажбур бўлган миллионларча суриялик, ироқлик, афғонистонликларни Оврупога ўтказиб юбориши мумкин. Бу эса шундайига ҳам мусулмон муҳожирлар сони тобора ортиб бораётган Оврупода кўчманчилар билан боғлиқ миллий ва диний муаммоларнинг янада ортишига ва чигаллашига олиб келиши мумкин...
Шунинг учун ҳам яқин келажакда Оврупо Иттифоқи ва Туркия муносабатларининг бир кун яхши, бир кун ёмон," бир кун мушт, бир кун гўшт" шаклида давом этишини тахмин қилиш қийин эмас.
Аммо Туркия ҳукумати фақатгина Овруполиклар билан бундай "ади бади айтишиш" билан чегараланиб қолмасдан геополитиканинг бошқа ўйинчилари билан ҳам ўз манфаатларига кўра алоқаларни ривожлантиришга уринмоқда. Бу маънода кеча Сочи шаҳрида бўлиб ўтган Эрдўғон ва Путин орасидаги музокаралар ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Русия ва Туркия муносабатлари ҳар икки томон учун манфаатли бўлгани (масалан, иқтисодий алоқаларда) каби, геполитиканинг оловли минтақаси Яқин Шарқ учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Эрдўғон кеча Путин билан ўтказган музокараларидан кейин "помидордан" бошқа (Туркиянинг Русияга помидор сотишидан бошқа) бутун масалаларда Русия томони билан келишиб олдик деди. Бу масалалар шулар эди: Рус газининг Туркия орқали Оврупога сотилиши, Русиянинг Туркияда атом электр станцияси қуриши ва яна Туркиянинг Русиядан S 400 ҳарбий ракета ҳимоя тизимларини сотиб олиши ҳақида гап бормоқда. Бу масаларда икки томоннинг келишиб олишгани катта эҳтимол доирасидадир. Бунинг ёнида иқтисодий алоқаларни кучайтириш, икки томонлама визаларни қулайлаштирш каби масалалар ҳам музокара қилинди. Шу билан бирга Эрдўғон Суриянинг Идлиб минтақасида урушни тўхтатишга келишилганини ҳам айтиб ўтди...
Агар таққослайдиган бўлсак, Эрдўғондан бир кун олдин Сочига Олмония Бош Вазири Маркель хоним ташриф қилган, аммо Русия ва Олмония орасидадаги музокаралар Русия ва Туркия орасидаги музокалара каби қизғин ўтмаган ва Путин ва Маркелнинг бирор масалада келишгани баён қилинмаганди.
Тойиб Эрдўғон Сочидан олдин Ҳиндистонга сафар қилиб, геополитикада тобора фаоллашгиб бораётган бу мамлакат раҳбарлари билан ҳам музокаралар ўтказганди.
Тойиб Эрдўғоннинг май ойида АҚШ, Хитой раҳбарлари билан музокаралар ўтказиши ва Овруподаги НАТО раҳбарлари олий учрашувларида қатнашиши ҳам режалаштирилган.
Хулоса қиладиган бўлсак, Туркияда, айниқса 16 Апрелда ўтказилган референдумдан кейин ички вазиятнинг барқарорлашганини ва бу мамлакатнинг геополитикадаги ўрнининг янада мустаҳкамлашганини айтиш мумкин. Бу роль аввало Туркиянинг ғарб давлатлари ва мусулмон ўлкалар билан алоқаларда ҳам, тобора ёмонлашиб бораётган ғарб ва Русия муносабатларида ҳам кўприк вазифасини (бу муносабатларда энг камида боғловчи бўлиш) бажариши билан аҳамиятлидир. Бундай кўприк бўлишнинг қийин томони ундан ўтадиган юкнинг оғир бўлиши, осон томони эса қолганларнинг бу кўприкдан ўтиш заруратидир.
Намоз НОРМЎМИН
04.05.2017
BeğenDaha fazla ifade göster
Yorum Yap

Комментариев нет:

Отправить комментарий