воскресенье, 17 сентября 2017 г.

ТУРКИЯДАН НОРВЕГИЯГА НЕГА КЕТГАН ЭДИК? (1)

( "Хаёлий эмас, ҳаётий ҳикоялар" туркумидан)

Туркияга 1993 йилнинг охирларида келган эдим. Мухолифлик ҳаётимнинг муҳожирлик қисми бошланаётган эди. Мухолифлик нима, муҳожирлик нима, мен бу мавзулар ҳақида кўп ёзганман. Бошқа мухолифлар ва муҳожирлар қатори...Бугун бу ҳам қисматда бор эканда, деб қўймоқчиман.
 Туркия ҳам, Турклар ҳам мен учун янгилик эди 1993 йилнинг охирги ойларида. Чунки биз буюк рус оғанинг кичкина укалари бўлиб вояга етган, Туркия ва Турклар ҳақида эса нари борса Отутурк ва коммунист бўлганлиги учун исми биз томонларга етиб келган Турк шоири Нозим Ҳикматнинг исмларинигина эшитгандик...

Туркияга келаркан йўлда америкалик очлик мутахассиси Поль Брейгнинг "Очлик мўъжизаси" китоби қўлимга тушганди. Бизнинг бу ерга келишимизга сабабчи бўлган акахонимиз ўзининг ўн кун оч қолганини (албатта фақат сув ичиб) ва бунинг инсон соғлилига жуда фойдали эканлиги айтганди. Мен бу ерга келганимдан кейин бир икки ҳафтанинг уч кунида сув ичиб, оч юрдим ва бунинг фойдали эканлигини ўз танамда ҳис қила бошладим. Кейин ўша акамизга мен ҳам ўн кун сув ичиб, очлик қилишга қарор берганимни айтдим. У бунинг оғир иш эканлигини, балки мен уддасидан чиқа олмаслигимни айтди. Бу жавоби бироз қитиғимга тегиб, ниятим яна кучайиб, ўн кун сув билан оч қолишга қарор бердим. Бизга ажратилган тўрт хонали уйнинг бир хонасини ўзимга маскан қилиб, тўғрироғи бу хонага ўзимни қулфлаб, ўн кун давомида ҳеч нарса емай, фақат сув ичиб ўтказдим. Бу бир ўжарлик масаласи ҳам эди аслида...Нега энди бошқалар қилган ишни мен қила олмас эканман? Ўша кунлар ўзимда ирода кучи борлигини ҳис қилдим. Фақат сув ичиб, оч қолиб, хонада ётиб олгандим, десам тўғри бўлмас...Ҳар куни эрталаб ва тушликдан кейин (бошқаларнинг тушлигидан кейин) кўчага чиқиб, ярим соат, бир соат ташқарида айланиб келардим. Чунки очлик мутахассиси Поль Брейгнинг китобида шундай тавсия бор эди. Яъни, оч қолган одам жисмоний фаолликдан бутунлай  воз кечмаслиги зарур эди бу китобга кўра...

Авваллари бир неча марта уч кунлаб оч қолганим учун бу марта ҳам дастлабки уч тўрт кунни сув ичиб, "нормал" ўтказдим. Аммо бешинчи кундан бошлаб, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва кечалари оз бўлса ҳам ваража қила бошладим. Ва турмасдан ўқчирдим...Бу меъдамнинг тобора кичрайиб бораётганига ишорат эди. Менинг бу ҳолимни кўрган атрофимдагилар очликдан воз кечишимни тавсия қила бошлашди. Аммо мен бунга кўнмадим. Чунки аввало сув билан оч қолишнинг соғлигимга катта фойдаси борлигидан ҳеч шубҳам йўқ эди, қолаверса бу ишни сен қила олмайсан, деган гап қулоғимда жаранглаб турарди. Сув билан оч қолишиннг еттинчи ва саккизинчи кунлари бутун вужудим ларзага келганди, ҳар тарафим титрар, ўрнимдан туришга мажолим қолмаганди. Меъдам сувни ҳам қабул қилишни истамасди...Турмасдан ўқчирдим...

Шу тарзда ўн кун сув ичиб оч қолдим. Бобурнинг таъбири билан айтганда онадан қайта туғилдим. Шерикларимнинг айтишича, биров бурнимдан тортса йиқиладиган ҳолга келгандим...Ортиқча вазним кетиб, қуш каби енгил бўлиб қолгандим. Аммо очлик масаласида тажрибам унчалик кўп бўлмагани учун очликнинг ўзидан ҳам ундан чиқиш муҳимроқ эканлигига эътибор қилмаган эканмн. Яъни, етти, ўн кунлаб, сув ичиб оч қолган киши бирдан “нормал” кунлардагидек овқатланиб кета олмасди. Яъни, очликдан аста секинлик билан чиқиш керак эди. Аслида “Очлик мўъжизаси” номли китобда ҳам бу масалада тавсиялар бор эди. Аммо мен шериклар пиширган овқатлардан едим. Ва ўша кунлар хорижда ЭРК газетасининг илк сонини чиқариш билан машғул эдик. Бу ҳам жисмоний ҳамда асабий зўриқишимга сабаб бўлганди..Хуллас, очликдан чиқиш қоидасига унчалик риоя қилмаганим яъни одатий, нормал тузли таомлардан еганим ва жисмонан ва асабий чарчаганим учун қовоқларим ва вужудим сезиларли даражада шишиб кетди...Бу ўн кунлик очликдан кейин буйракларимнинг тузли овқатни ва жисмоний (асабий ҳам) чарчоқни кўтара олмаслигига ишорат эди...Мен яна бир икки кун сув ичиб, ўзимга келдим. Эҳтиётлик билан овқатланиб, яъни кўпроқ мева ва сабзавотлар еб, соғлигимни тиклаб олдим...

Энди мухолифлик, хусусан мухолиф бўлиш масаласига келайлик. Мухолиф бўлиш ихтилоф қилиш, яъни бошқаларга нисбатан ўзга фикрда бўлиш ва бундай фикр асосида амал қилиш, деганидир. Икки инсоннинг жуда кўп масалаларда бир хил фикрда бўлмаслиги маълум нарса. Чунки инсонларни Аллоҳ таоло эътиқод, ақлу фаросат жиҳатидан турли турли қилиб яратган. Эътиқоди бир бўлганларнинг ҳам ишонч даражаси ҳар хил бўлиши мумкин...Хуллас, инсонлардаги турли эътиқодлар ёки улар бир эътиқодда бўлсаларда, ишонч кучларининг ва ақлу фаросатларининг, дунёқарашларининг, тажрибаларининг турли хил ва турли даражада бўлиши уларнинг бирор масалада турли фикрларга, қарашларга эга бўлишига олиб келади. Бу эса уларнинг ўзаро мухолиф бўлишларига сабаб бўлади...

Бир бирларига илк мухолиф бўлганлар Одам (ас)нинг икки ўғли, яъни Ҳобил ва Қобил эдилар. Улар Аллоҳ ризоси учун яхшилик қилиш масаласида ихтилоф қилган эдилар. Ҳобил тақводорлик, Қобил эса кибр тарафида эди...

Сиёсий мухолифлик эса янада тушунарли нарсадир. Сиёсат жамиятни бошқариш ишидир, жараёнидир. Кимдир ўз ғояси учун сиёсий мухолифликка даъвогар бўлади, кимдир тожу тахтни, мансабу бойлик эгаси бўлиш учун...

Ўзбекларнинг яқин тарихида ҳукуматга қарши ошкора сиёсий мухолифлик 1985 йилда бошланган Қайта қуриш ва ошкоралик сиёсатининг натижасида ўртага чиққанди. Бу мухолифликнинг мавзулари пахта монокультурасига қарши туриш, Ўзбек тилининг давлат тили бўлиши ва ниҳоят Ўзбекистоннинг мустақил давлат бўлиш масалалари эди. Зотан, у йилларда қайта қуриш ва ошкоралик бутун СССР ҳудудидаги халқлар ва жамиятларни ларзага келтирган, қисқача айтганда бу қизил империя таркибидаги халқларнинг подабоқаридан бошлаб зиёлисига қадар сиёсат билан шуғуллана бошлаганди...

Бундай миллий уйғониш, халқнинг ўзини таниши натижасида, янада тўғрироғи СССР деган қизил, коммунистик империянинг интиҳори (ўзини ўзи ўлдириши) натижасида Ўзбекистон ҳам мустақил бўлганди. Аммо энди мустақил Ўзбекистонда мустақиллик талаб қилган янги сиёсий кучлар эски коммунист (аслида бутун ҳаёти давомида коммунист бўлган) Ислом Каримов ҳукуматига қарши мухолифликни давом эттиришни истарди. Аммо диктатор Ислом Каримовнинг худди маънавиятсиз оталари Ленин ва Сталин каби мухолифатга тоқат кўрсатиш нияти йўқ эди. Натижада 1988, 89 йилларда шакллана бошлаган ва янги Ўзбек миллий сиёсий тушунчаларни асос олган янги сиёсий ҳаракат ва фирқалар (партия) 1993 йилга келиб, яъни мустақилликдан икки йил ўтиб йўқ қилинди...

Хўш, мен, асл касби врач жарроҳ бўлган бир ўзбек зиёлиси қандай қилиб сиёсатга аралашиб қолдим?

Тиббиёт ходимларининг сиёсатга аралашуви эса ўзимизда кўп учрамаса ҳам дунё тажрибасида одатий ҳол эканини хорижга чиққандан кейин ўргандим. Бизни Истанбулга келганимизда асли ўзбек ва менинг каби касби жарроҳ бўлган Аҳад Андижон кутиб олганди. Кейинчалик Аҳад Андижон миллатвакили (депутат) сайланиб, Туркия ҳукуматининг вазири лавозини эгаллаганди. Ўзимизнинг (?) Қурбонгули Бердимуҳаммадов тиш доктори, Суриянинг диктатори Башшар Асад кўз доктори, Норвегиянинг собиқ Бош Вазири Гру Ха́рлем Бру́нтланн хонимнинг касби ҳам врач эди...

Сиёсат ўзи шундай кириш эшиги ҳам, чиқиш эшиги ҳам очиқ бўлган бир оз тутуруқсиз соҳада аслида ҳам. Бу соҳада ҳеч бир соҳада бўлмагани каби телба тескари шахсларнинг учраши табиий ҳолдир. Масалан, Қаддафий, Саддам каби диктаторлар...Ёши ҳам ҳар хил бўлиши мумкин сиёсатчиларнинг. Заҳриддин Муҳаммад Бобур 12 ёшида подишоҳ бўлганди, Султон Муҳаммад Фотиҳ 21 ёшида Истанбулни фатҳ қилганди...Ҳозирда Зимбабвенинг президенти Мугабе 93 ёшида, Туниснинг Президенти Ас Себси 91 ёшида...

Сиёсий мухолифлик ўзининг дастурига эга бўлган сиёсий кучларнинг (сиёсий партия ва ҳаракатларнинг) ҳукуматнинг камчликларини танқид қилиши ва сайловда ҳокимият учун курашиб, ҳукуматни қўлга киритишга уринишидир. Мустақилликнинг илк йилларида Ўзбек мухолифати оз бўлсада бу имконга эга бўлганди. Аммо юқорида айтилгани каби 1993 йилга келганда Ислом Каримов режими зўровонлик, яъни мухолифларни қамоққа ташлаш, баъзиларига суиқасд қилиш ва қолган қутганларини чет элларга сургун қилиш орқали ватанимизда қайта қуриш ва ошкоралик йилларида шаклланган сиёсий партия ва ҳаракатларнинг фаолиятига чек қўйди.

Хорижга чиқиб кетган мухолифатчиларга келадиган бўлсак, уларнинг имкони фақат ҳукуматнинг жиноятларини фош қилиш ва уни танқид қилишдангина иборат бўлиб қолди. Чунки чет эллардаги мухолифат худди ўқ илдизидан айрилган, фақат бир икки заиф, қўшимча илдизи ерга ботиб турган дарахтга ўхшаб қолади. Яъни, чет эллардаги сиёсий мухолифат ўз халқидан ва ватанидан айри қолади, бу билан унинг табиий мухолифлиги катта зарар кўради. Халқнинг қўллаб қувватлашидан ва ватаннинг маънавий муҳитдан ажралган сиёсий мухолифатнинг қўлидан нима ҳам келар эди. Бу томондан Ислом Каримов режими зулм машинасини кучайтиргандан кучайтираётган бўлса?!

Шунинг учун ҳам баъзиларнинг мухолиф халққа нима қилиб берди, деган саволи ўринсиз саволдир. Чунки мухолифат Ўзбекистондаги сиёсат майдонидан, сиёсий “томорқа”дан қувиб юборилгани учун у нима ҳам қилиши мумкин? Томорқага яқинлаштирилман ва унга бирон нарса экишга рухсат берилмаган деҳқондан куз келганда нега ҳосил етиштирмадингиз, дея сўраш нақадар мантиқсизлик....

Шунга қарамасдан, хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлган Ўзбек мухолифати ўтган 25 йиллик даврда Ислом Каримовнинг авторитар диктатура режимининг халқимизга қилган зулм ва жиноятларини фош қилишда жудда катта роль ўйнайди, дейишим мумкин. 1993 йилда Туркияга келганимизда бу ерда туриб, бир икки йил давомида мухолиф газета чиқаришга уриндик. Албатта, Туркиядан Ўзбекистонга газета юборишнинг ўзи катта муаммо эди. Кейин интернетнинг ёйилиши билан ва “Озодлик”, ББС Ўзбек хизматларининг эфирларидан фойдаланиб, мухолифатчилар Ўзбекистондаги режимнинг қатағонларини фош қилишда муҳим роль ўйнади. Зотан, мухолифатнинг хорижга сурган қилиниши Каримов режимининг зулмини фош қилиб бермоқда эди.  Яъни, хорижда бўлса ҳам сиёсий мухолифатнинг борлигининг ўзи бир муваффақият эди менимча...Яъни, мухолифат халққ нима қилиб берди саволининг жавоби, Ўзбек мухолифатчилар чет эллардан туриб бўлса ҳам Ислом Каримов режимининг моҳиятини ва жиноятларини фош қилишда катта роль ўйнади, дея жавоб беришим мумкин. Каримов ўлгандан кейин унинг ўрнига Президент бўлган Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда давлатнинг яроқсиз ҳолга келиб қолганини, ижтимоий сиёсий ҳаётнинг бутун соҳаларини жиноятчилар ва порахўрликлар босиб кетганини, халқ билан, унинг дарди билан ҳеч кимнинг иши бўлмай қолганини гапира бошлади. Баъзи маддоҳлар буни катта сиёсий ўзгариш, ислоҳотларнинг бошланиши, дея таъриф қила бошладилар. Ҳолбуки, Каримов режимини бундай фош қилиш билан биз сиёсий мухолифлар мустақилликдан кейин ўтган 25 йил давомида шуғулланиб келдик. Ахир, бу мухолифатнинг ютуғи эмасми?
(Давоми бор)

Кейинги ҳаётий ҳикоямда Туркиядан Норвегия кетишимизнинг асосий сабаби бўлган 1999 йил 16 Февралида Тошкентда содир бўлган портлашлар, бу портлашларга кимларнинг алоқадар бўлгани, Истанбулда марҳум муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан ҳамкорлигимиз ҳақида тўхталаман, инша Аллоҳ..

Намоз НОРМЎМИН
01.03.2017


ТУРКИЯДАН НОРВЕГИЯГА НЕГА КЕТГАН ЭДИК? (2)

( "Хаёлий эмас, ҳаётий ҳикоялар" туркумидан)


...Хуллас, мен сиёсат ҳақида, хориждаги мухолифларнинг имконлари ва амалга оширган баъзи ишлари ҳақида қисақча ўз фикрларимни айтдим. Мустақиллик жараёнида сиёсий мухолифлик биз ўзбеклар учун янги ҳодиса бўлгани каби, сиёсий мухолифлар ҳам янги типдаги инсонлар эди. Афсуски, бу ҳозир ҳам шундай...Масалан, Туркияда нима кўп сиёсий мухолиф кўп. Ҳукумат битта, ҳукумат фирқаси ҳозирги кунда битта, аммо сиёсий мухолиф партиялар ва сиёсий мухолифатчиларнинг сон саноғи йўқ...

Аммо яна бир ҳақиқат сиёсат билан қорин тўймайди...Туркияда эса, ҳамма жойда бўлгани каби ишламасангиз оч қоласиз. Бу ерга келганимдан кейин ўз соҳамда, яъни тиббиёт соҳасида ишга кирмоқчи бўлсам, акахонлар “ўзи икки уч кишимиз, қиладиган ишимиз кўп. Қолаверса яқинда қайтиб кетамиз, дўхтирликни ватанга бориб ҳам қилаверасиз”, дейишди. Менинг қиладиган ишимиз мухолиф газетага мақола ёзиш, унинг ҳозирланишида иштирок этиш, ҳафтада бир икки марта Озодлик ва ББСда Каримов режимига қарши гапириш...

Лекин мен бу билан чегараланиб ўтира олмасдим. Оилам ҳам Туркияга келганди. Ўзимга иш топишим ва оиламни боқишим лозим эди. Бу ерда ортирган танишларим орқали шаҳарнинг Умрания туманидаги бир поликлиникада ҳафта икки кун “очлик” мутахассиси сифатда фаолиятни бошлаб юбордим. Яъни, бу дўхтирликнинг янги бир соҳаси бўлди менинг учун. Одатда менинг қабулимга семизликдан шикоятчи бўлганлар келарди. Мен ҳам уларни аввал ҳафтада икки кун, кейин уч, етти ва ҳатто ўн кунгача сув билан очлик қилдириб “даволардим”...

Бизнинг у пайтлар Истанбулнинг Этилер деган маҳалласида бир марказимиз бор эди Истанбулга келганимиздан бир муддат кейин собиқ муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг укаси Муҳаммад Амин ака сафимизга қўшилди. Яъни, тахминан ярим йилларча у билан бизнинг марказдаги бир уйда бирга яшадик.Мен муфтий билан Истанбулда биринчи марта учрашдим. У киши келганда марказимизда ош қилиб, зиёфат қилдик. Илк кўришганимизда тақсир менга “дўхтир “Озодлик”да яхши гаплар айтаяпсиз”, деб илтифот қилди. Ош ейилгандан кейин тақсир билан иккаламиз намоз ўқиш учун юқори қаватдаги масжидимизга чиқдик. Хуфтонни бирга ўқигандан кейин ўн ўн беш минутча ўзаро суҳбат ҳам қилдик. Тақсир оилам билан, бу ердаги ҳол аҳволимиз билан қизиқди...

Кейин муфтий ва укаси Истанбулнинг Кадикой деган туманида алоҳида уй ижарага олишди. У кишининг ўзи Туркияда доимий истиқомат қилмасди, билишимча у пайтлар оиласи билан Ливияда яшарди. Аммо уч тўрт ойда Истанбулга келиб турарди. Мен тақсирнинг укаси Муҳаммад Амин ака билан қадрдон бўлиб қолгандим. Бунинг сабаби ҳам яна шу очлик билан даъволаш маслагим эди. Муҳаммад Амин ака Истанбулга келганда анча йўғон киши эди. Укишини ҳам бир икки марта уч кун, кейин эса ўн кун сув билан оч қолдириб, даъволаганимни эслайман. Тақсир бир келганларида бунинг учун менга ташаккур айтиб, ўзи ҳам бир неча уч кун сув ичиб, очлик қилганди...

Мана шундай ўзаро учрашувлардан бирида муфтий менга “Дўхтир, сиз Турк тилини яхши биласиз. Бизга сизнинг ёрдамингиз керак”, деди. У кишининг режаси Туркияда нашр қилинган Исломий китобларни ўзбек тилига таржима қилиш эди. Муфтий менга кўрсатган руйхатда сўнгги асрларда Ислом уммати ичида етишиб чиққан кўплаб уламоларнинг китоблари бор эди: Муҳаммад Қутб, Сайид Қутб, Юсуф Қарзовий, Имом Нававий, Ҳасан Ал Банна, Имом Ан Надвий...

Тақсир ва укаси билан маслаҳатлашиб, бу олимларнинг юзга яқин китобни бу ерда Турк тилини ўрганган ҳамюртларимизга таржима учун беришга қарор қилдик. Бу кўнгилли таржимонлар орасида мен билан бу ерга келган сиёсий мухолифатчилар ҳам, Туркияда таълим олаётган Ўзбекистонлик талабалар ҳам бор эди...

Хуллас, шу шаклда мен Исломий адабиётни ўқишгава ўрганишга киришиб кетдим. Бу менинг учун ажиб дорилфунун ҳам эди. Норасмий, биров мажбур қиламаган, ўз ўзидан бошланиб кетган хусусий дорилфунун эди бу... Мен мустақиллик учун кураш йилларида домла Аловуддин Мансур тарафидан таржима қилиниб, нашр этилган Қуръони Карим оятларининг маъно таржималарини, Муфтийнинг “Имон” китобини, яна бир қанча исломий китобларни ўқигандим. Яъни, Истанбулга келганда ҳам ўзимга яраша Исломий илмим ва ибодатим бор эди. Аммо тақсир бу ерга келгандан кейин ишлар кўпайгандан кейин кўпайди. Мен бир томондан мухолиф газетанинг материалларини, бошқа томондан кўнгилли таржимонлар таржима қилаётган Исломий китобларнинг муҳаррирлигини қилишим, ўзим ҳам баъзи китобларни таржима қилишим (масалан, имом Юсуф Қардовийнинг “Тавҳиднинг ҳақиқати” китоби), яна тақсир ёза бошлаган “Тафсири Ҳилол”нинг қўлёзмаларини таҳрир (имловий) қилиш билан машғул эдим. Яна ҳафтада икки уч кун касалхонада ишлардим, кун ора Озодлик ва ББСга суҳбат берардим, 1996 ва 1997 йилларда бир йил Туркиянинг энг катта хусусий университети бўлган Коч Университетида Ўзбек тили амалий дарслари  ҳам бергандим. Бу ишни менга ҳамюртларимиздан Темур Хўжаўғли таклиф қилганди...

Бир томондан шу шаклда Исломий адабиёт билан танишар эканман, иккинчи томондан Туркиядаги бутун мусулмон жамоат, гуруҳ ва тариқотларнинг эшигидан  кириб чиқишга ҳам улгурардим. Бунга турли сабаблар бўларди. Баъзан бу ердаги янги дўстлар йиғилишларга, конференцияларга, ифторларга, бошқа зиёфатларга таклиф қилишарди. Албатта бундай танишишу йиғилишлар натижасида бу жааоат, фирқа ва гуруҳларнинг дастурлари, низомлари, дунёқарашлари билан аввал юзаки, кейин жиддий танишиш имкони ҳам пайдо бўларди. Шу  тарзда Нажмиддин Эрбоқон раҳбарлигидаги “Миллий Қараш” (Milli Görüş) Исломий ҳаракати ва бу ҳаракатнинг Рефаҳ (Refah), яъни Фаровонлик” партияси, Туркиянинг энг катта ва машҳур тариқотлари бўлган Исмоил Оға жамоати (Пири Маҳмуд Хўжа Афанди), Ҳудайи Вақфи (Пири Мусо Афанди, ҳозир ўғли Усмон Хўжа), Сулаймончилар Жамоати (Пири марҳум Сулаймон Тунахон), Искандарпаша тариқоти (Пири марҳум Асад Жўшан хўжа)...

Мен кейинчалик бу шайху пирларнинг деярли барчаси билан турли сабаблар туфайли кўришиб, суҳбтлашгандим. Эсимда бу ерга келгандан кейин Ҳудайи Вақфи пири Мусо афандининг ҳузурига боргандик. Шайх жуда ҳам қариб, кексайиб қолган, соч соқолу ҳам, қошлари ҳам оппоқ эди. У бир креслода қимирламай ўтирарди. Балки юра ҳам олмасди. Не не олиму профессорлар унга яқинлашиб, икки букилиб шайхнинг қўлини ўпишарди. Навбат бизга келганда бирга борган акамиз шайхнинг қўлини ўпмади, аксинча Турк миллатчиларининг саломлашиш усули бўлган “каллалашиш” (бошнинг бир чеккасини саломлашаётган кишининг бошига тегизиш) усулида саломлашди. Мен ҳам шундай қилдим. Шайхнинг зиёрати ва зиёфати тугаб, ташқарига чиққанимизда шеригим “Аслида инсоннинг пешонасидан ўпгандан кейин, қўлини ҳам ўпса бўлаверади”, деди. “Нега ўпмадингиз унда?”, деб сўрадим. “Бизда бундан одат йўқ ку”, деди у...

Бу жамоату тариқотларнинг асосий хусусияти пирга ёки шайхга боғланиш ( бу уларнинг диний тушунчасида робита, дейлади) билан Аллоҳга бандалик қилишдир. Шу даражада ки, Исмоил оға тариқотининг янги пирларидан Аҳмад хўжа (Жуббали хўжа) “шайхига робита қилмаган шайтонга робита қилади (боғланади)”, деган маъносиз сўзни бот бот такрорлаб юради. Айтиш керакки, бу шайху пирларнинг баъзилари  саводсиз ҳам  эмас эди. Масалан, Искандарпаша тариқоти пири марҳум Асад Жўшан хўжа илоҳиёт профессори, Исмоил Оға жамоати пири Маҳмуд Хўжа Афанди тафсир ёзган уламолардан, Ҳудайи вақфининг ҳозирги пири Усмон хўжа кўплаб диний китоб ва рисолалар ёзган ва бу тариқотнинг мансубларидан Илоҳиёт Профессори Ҳасан  Комил Йилмаз хўжа Туркия Диёнат Ишлари Раиси ўринбосари (ҳозир Истанбул муфтийси) лавозимини эгаллаган обрў эътиборли кишилар эди...

Шу билан бирга бу тариқотчиларнинг асосий сифатлари ўз пирларини авлиёуллоҳдан, деб, эътиқод қилишлари, бу уларни ғайбни билади, ҳатто рижалуллоҳ (Аллоҳнинг одамлари), уларни ўзларича хаёлий тарзда Аллоҳга яқин, деб билганлари қутблар ва ғавслар (ўлмайдиган ва самоларда сайр қиладиган) билан алоқада бўлиб туради, ўлганлари ҳам қабрларида муридларининг ҳолини билиб туради, уларга ёрдам истаса ёрдам беради, деган бидъат, хурофот ва ҳатто ширк ақидасига эргашган ва амалларини қиладиган тоифлардир...

Бундай тариқотлар ичида ҳозир энг машҳури Манзилчилар тариқотидир. Менинг бу ерга келиб танишган энг яқин Ўзбек (ота бобоси бир аср аввал Туркияга келган) дўстларимдан, биродарларимдан бири шу Манзилчилар тариқотига аъзо бўлиш учун бир гуруҳ мусулмон билан бирга Одиёмон (Adıyaman) вилоятига боради. Бу мусулмонларни тариқот пирининг вакили қабул қилади. У янги келган гуруҳга Исломнинг одоб қоидаларидан гапира туриб, Манзиилчилар тариқотининг асосини шайхнинг ҳузурида гуноҳлардан тавба қилиш эканлигини айтади ва “бугунгача сизлар Аллоҳ таолонинг тасарруфида (мутлақ иродаси остида) эдингизлар, энди эса пиримизнинг тасарруфига ўтасизлар”, дейди. Бу гапни эшитган Ўзбек биродаримиз “Ҳаша..Ҳаша” (асло..асло.. қатъиян рози эмасман), дея бу тариқотга киришдан воз кечади...

Туркияда мусулмончилик асосан мана шундай шайхпарастликка, пирпарастликка асосланган, десам муболаға бўлмайди. Аммо бу шайху пирларнинг ёнида Илоҳиёт профессорлари Хайриддин Қаҳрамон (Hayrittn Karaman), Фаруқ Башар (Faruk Başar) каби эътиқоди ва амали соф, жиддий Ислом олимлари ҳам бор, албатта.

Хуллас, мен (фақат мен эмас) 1995 йилдан 1998 йилгача Туркияда ҳам сиёсатнинг, ҳам да динимизнинг ўзига хос мактабидан ўтдим. Бу мактаб бир томондан мажбурий бўлмаса, иккинчи томондан зарурий эди. Ҳамда табиий эди. Бу мактаб фақат назарий эмас, айни пайтда ҳам амалий ҳамда бу соҳаларда тажрибаларни ўрганиш мактаби эди. Чунки юқорида айтганим каби, бу йилларда мен асосан Истанбулдаги барча сиёсий ташкилотлар ва диний жамоатлар ва тариқотларнинг эшигидан кириб чиқишга, яъни уларнинг ғоялари, кураш усуллари ва ҳаёт тарзлари билан бевосита танишишга муваффақ бўлдим. Бугун ўйлаб кўрсам, бу ҳаёт мактаби мен учун ўз ўзидан ўтишим керак бўлган мактаб экан. Бу йиллар давомида мен юзларча Исломий китобларни ўқидим, уларнинг таржимасида ва таҳририятида қатнашдим. Тақсир у пайтда “Тафсири Ҳилол”ни ёзиб бошлаганди. Укасининг айтишича у киши ҳар куни 10 саҳифа қўлёзма ёзарди. Яъни. Бизнинг каби компютердан фойдаланмасди. Бу қўлёзмаларни компютерга кўчириш талаба йигитларнинг иши эди. Мен уларни таҳрир қилиш, яъни қайта ўқиш ва имло хатолари бўлса, тузатиш ишида қатнашардим...

Тақсир камгап, дунё ишларидан ва айниқса мусулмон дунёдан бўлаётган ишлардан яхши хабардор эди. Ниҳоятда эҳтиёткор, ҳар қадамини минг ўйлаб отадиган одам эди. То яхши танишиб олгунга қадаар мен билан сиёсат ҳақида ҳеч гаплашмаганди. Ҳамкорлигимиз анча иларилаб, бир неча марта бир биримизникида оилаларимиз билан меҳмон бўлгандан кейин у киши билан сиёсий масалаларда ҳам фикр алмаша бошладик. Тақсир ҳар ҳафта “Озодлик “ радиосида “Жума суҳбатлари” дастурига қатнашарди. Мен эса Озодлик ва ББС Ўзбек хизматининг Истанбулдаги штатсиз мухбири эдим. Албатта, иккаламиз ҳам маош олардик бу радиолардан. Баъзан у киши менинг сиёсий чиқишларимга муносабат билдириб турарди. Бир марта тақсирнинг “Озодлик”дан Ислом Каримов режимини шундай танқид қилганини эслайман. 1991 йилги Президентлик сайловларида ҳукумат тақсирни Ўзбекистон телевидениесида Каримовни қўллаб қувватлаб гапиришга чорлайди. Бу видеодастур ёзиб олингандан кейин тақсир уйга қайтиб келади. Аммо телевидение масъуллари у кишига қўнғироқ қилиб, “Тақсир дуо қилишни унутибсиз”, деб қайта студияга чақиришади. Ва у киши қайта бориб, ҳукумат ҳаққига дуо ҳам қилиб келадилар...Озодликдаги ўша чиқишида “Мана мен сизлар билан шундай ҳамкорлик қилган эдим. Ҳатто мени сизларнинг ҳаққингизга дуо қилиш учун қайта қайта студияларга таклиф қилган эдингизлар. Кейин эса менга босим ўтказдингизлар, уйимни оловга бердингизлар...”, деган танқид бор эди.

Бир марта эса менга “Каримов шундай бадбахт ва бахил одам. Бировнинг устида янги костюм кўрса ҳам ҳасад қилади у. У ўлса ўлади, аммо ўз билганидан қолмайди. Уни бир ишга мажбурлаш учун, томоғидан қаттиқ сиқиб турадиган куч қувват керак. Афсуски, бундай куч ҳозир ҳеч кимда йўқ”, деганди...

Истанбулда уч тўрт жойда маош олиб ишлаганим учун моддий аҳволим яхши эди. Тагимда машинам, еганим олдинда, емаганим орқамда эди...Тақсирникига машинам билан меҳмонга борардик. У кишининг моддий аҳволи биздан ҳам яхши бўлишига қарамай Истанбулда муқим яшамагани учун машинаси йўқ, бизникига таксида меҳмонга келар, қайтишда мен уйларига олиб бориб қўярдим...

Бир марта Умраниядаги уйимга оилалари билан меҳмонга келишди. Уйга кириб ҳол аҳвол сўрашгандан кейин  “Нима ишлар қиляпсиз, дўхтир?”, деб сўради. Мен у кунларда ўзимча бир давлат низоми (Конституция) лойиҳасини қоралаб юргандим. Мен тақсирга шу лойиҳа ҳақида гапирдим. Президентни жиловлашнинг, унинг диктаторга айланиб кетмаслиги учун Олий Мажлиснинг ва Маҳкама (суд) ҳокимиятининг ролини оширилиши кераклигини айтдим. У киши “Эрондаги сиёсий тизимга муносабатингиз қандай?”, деб сўради. Мен: “Тақсир, бизда оятуллоҳлар йўқку. Эронда фалон оятуллоҳ Олий Раҳбар бўлади..”, дедим. Тақсир бу гапимга жавоб бермади. Балки бу гап у кишига ёқмади...

(Давоми бор)

Намоз НОРМЎМИН
08.03.2017

ТУРКИЯДАН НОРВЕГИЯГА НЕГА КЕТГАН ЭДИК? (3)

( "Хаёлий эмас, ҳаётий ҳикоялар" туркумидан)

...Марҳум муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан Туркияда қилган ҳамкорлигимиз, ўзаро оилавий борди келдиларимиз ҳақида гапираётган эдим. 1997 йилда онаизоримдан айрилиб қолдим...Оҳ, муҳожирликнинг мураккаб ҳаёти... Бу ёқда сиз ота онам, деб ёнасиз, у ёқда ота онангиз сизни, деб...Ким айтдим муҳожирлик, мусофирчилик осон иш, осон ҳаёт, деб. Бу ҳаёт фақат соч соқолингизни эрта оқартириб қолмайди. Суягингиз оқ бўлса қорайтиради, қора бўлса оқартиради. Шунақа оғир ҳаёт муҳожирнинг, мусофирнинг ҳаёти...
Байт:
Агарда қорни тўқ бўлсада хорижда мусофирнинг,
Ватан дардидан кўнгли вайрондир муҳожирнинг...
Онамнинг вафотини эшитган бу ердаги муҳожир ҳамюртлар ва Туркияда ортирган дўстларим таъзига келишди. Уларнинг орасида муфтийнинг укаси Муҳаммад Амин ака ҳам бор эди. У кунлар тақсирнинг ўзи оиласи билан Маккада умра зиёратида экан. Укаси у кишига телефон қилиб, онаизоримнинг вафот хабарини айтади. Тақсир муқаддас маконда онажоним учун дуо қилиб, хабарни аёлига ҳам айтади. Кеннойининг қўлида эндигиги тили чиқа бошлаган қизи бор экан. Тақсир эҳтиёсизлик билан онамни вафот этибди эмас, “дўхтирнинг онаси ўлибди”, деб айтади оиласига...Бу сўзни қизчаси ҳам эшитиб қолади ва “Ойижон ким ўлибди?”, деб сўрайди. Кеннойи бир одамнинг онаси ўлибди, деса қизалоғи “Дадамнинг ойисими”, дейди. Бу гапдан тақсир турган жойида қотиб қолади. Онажонимнинг вафотида кейин бир ёки икки ой ўтмай тақсирнинг оналари ҳам вафот этди..
Оила аъзолари орасидаги бу гапларни тақсир менга онасининг вафотидан кейин Истанбулга келганда айтиб берганди. Менинг кўз ёшларим шашқатор эди, тақсир эса оғирбошли ҳолда бу гапларни менга ҳикоя қилди ва кичкина қизим ”Дадамнинг ойисими...”, деганда мен адойи тамом бўлгандим. Чунки болакайларнинг фитрати тоза бўлади, Аллоҳ таоло баъзан уларнинг қалбига ҳақиқатларни солади, деганди. Бу гапларни айтиб, “Онангизнинг бирор касали бормиди?”, деб сўраганди муфтий мендан. Мен: “Йўқ, жиддий касаллари йўқ эди. У кишининг касали мен эдим. Уйдан кетганимдан кейин Намоз, Намоз, деб куйиб, ўтиб кетдилар”, деб жавоб бергандим кўз ёшларим билан. Тақсир ўшанда йиғлаб юбормаслик учун аранг ўзини тутган, анча вақт жим ўтириб, кейин “Катта бир ҳақиқатни айтингиз, дўхтир. Оналаримизнинг дарди биз эдик”, деб жавоб берганди.Ўша суҳбат ҳали ҳам кўз ўнгимда шундайлигича турибди...
Муфтий кейин оналарига атаб, бир насрий марсия ёзган, у ерда менинг онажанимнинг вафотига алоқали сўзлар ҳам бор эди. У кишининг оталари ҳам Истанбулга келган ва мен бир икки марта бу нуроний оқсоқол домла билан суҳбат қилгандим. Жуда мутавозе ва камтарин домла эдилар, ёши саксонга яқинлашиб қолганига қарамай, тақсир турган уйга у кишини кўргани келганимда ўрниларидан туриб, “Эй, дўхтир, келсинлар, келсинлар”, деб кутиб олар ва қучоқлашиб кўришар эди. Аллоҳ таоло раҳмат айласин, тақсир ватанга қайтиб кетганларидан бир неча йил ўтиб, намозда, сажда ҳолида вафот этган эканлар...
Мен ҳозир айтаётган гаплар 1997 ва 1998 йилларда, яъни бундан 20 йил олдин бўлиб ўтган воқеалардир. Мен бу воқеаларни хотира сифатида ёзмаётганимнинг, ватанимиз, мусулмон халқимиз ҳаётига оид воқеаларни ва бу воқеларга алоқаси бўлган шахсларнинг дунёқарашларини ва фаолиятларини шарҳлаб кетаётганимни муҳтарам ўқувчилар сезиб турган бўлса керак, деб ўйлайман. Чунки мақсад мустақилликдан кейинги биз режим мухолифларининг ҳаётларини ҳикоя қилиш эмас, бунинг ёнида биз сиёсий бўладими, диний бўладми мухолифлар, нималар қила олдик, нималар қила олмадик, буларнинг моҳиятини ва сабабларини, тафсилотларини тушунтиришга уринишдир. Бу ерда собиқ муфтий билан ўзаро алоқаларимиз ва ҳамкорлигимизга кўпроқ тўхталишимнинг сабаби ҳам ўз ўзидан тушунарли бўлса керак: Гап аслида муфтийнинг шахси ёки бизнинг ўзаро муносабатларимиз эмас, мусулмон халқимизнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган динимиз мавзуси ҳақидадир. Кейин мухожиратдаги бошқа мухолиф шахслар ва уларнинг фаолияти ҳақида ҳам аввалги китобларимда етарлича ёзганман. Бу гапни эса баъзи кишиларнинг бу одам нега фақат собиқ муфтий ҳақида ёзаяпти, дея турли гумонларга бормасликлари учун таъкидлаяпман...
Шу 1996 ми 97 йилдами Истанбулга янги келган ҳамюртлар орасига кейинчалик номи биздан ҳам машҳур бўлиб кетган Зайниддин Асқаров келиб қўшилганди. Зайниддин у пайтлар 25 ёшлардаги йигит эди. Дунёвий маълумоти ҳам, диний маълумоти ҳам ўрта, тиниб тинчимас, бормаган ери, кириб чиқмаган эшиги йўқ муҳожир йигит эди у...Бир кун қарасанг Туркияда, бошқа кун Суданда ёки Олмонияда, араб давлатларидан бирида. Шу сабабли у билан дейлик тақсирнинг укаси Муҳаммад Амин ака ёки сиёсий мухолиф дўстлар каби тез тез учрашмасдик. Мен билан кўришгани келганининг сабаби эса аёли ёш бўлишига қарамай хаста бўлгани учун эди. Эсимда бир икки доктор танишларимга кўрсатгандим унинг хотинини...
Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва унинг раҳбари Тоҳир Йўлдош ҳақида кўп гапирилган. Тоҳир ва ёнидаги сафдошлари вилоят раҳбарияти биносини босиб олишганда Ислом Каримовнинг ўзи “Керак бўлса Ўзбекистонни Исломий давлат қиламиз”, деб сўз берган эди. Бу гуруҳ аъзоларини ҳукумат бирин кетин қамаб бошлагандан кейин Тоҳир Йўлдош баъзи сафдошлари орқали аввал Тожикистонга, кейин эса Афғонистонга ўтиб “ЎИҲ” ташкил қилади...Зайниддин Асқаров шу ҳаракатнинг хориждаги вакилларидан бири эди. Унинг асосий ташвиқот материали ўша Каримов ва Тоҳирбойнинг (Зайниддин уни шундай дер эди) “учрашуви” ҳақидаги видео лавҳа эди. У бу видео материалдан фойдаланиб, Туркиядаги расмий ва норасмий идоралар, партиялар ва жамоатларга ўзларининг ҳаракатини танитиб юришини қулоғимга чалинганди...
Бир кўришганимизда Зайниддин Тоҳирбойнинг Туркияга келишини айтди. Кейин билсам у Истанбулга келиб, сиёсий мухолифат раҳбарлари ва диний раҳбарлар, тўғрироғи муфтий билан ҳам бир неча марта учрашган экан. Мен бу учрашувларда аниқ нималар гаплашилганини билмайман, аммо Тоҳирбой келиб кетгандан кейин Зайниддиндан эшитганим сиёсий мухолифат раҳбарлари билан учрашувнинг хулосалари ҳақида “Бу раислар ўлса ўлади, аммо раисликдан воз кечмас эканда” ёки муфтий билан учрашув ҳақида “Одам жуда улуғ бўлиб кетса ҳам бўлмас экан..”, деган норозилик кайфиятидаги гаплар эди. Муфтийнинг укаси ҳам менга бу ҳақда “Булар жиҳод, жиҳод, дейди..Ким билан кимга қарши жиҳод қила олади...Бу ёқда халқнинг диндан хабари бўлмаса..”, дея ўз норозлигини билдирганди.
Мен бу ерда айтмоқчи бўлган нарса, бу учрашувлар бўлиб ўтганини тасдиқлашдан иборат эмас. Чунки булар ҳақида мухолифатчиларнинг ўзлари ҳам қайта қайта ёзишган ва ҳатто Тоҳирбойнинг кимлар билан учрашгани ҳақида расмлар ҳам интернетда тарқалганди. Яъни, булар сирли гаплар эмас, ўз вақтида жамоатчиликка ошкор бўлган гапларди. Ҳатто Зайниддиннинг ўзи уни ва Рустам Маматқулов исмли сафдошини Туркия ҳукумати Ўзбекистонга бериб юборгандан кейин қамоқхонадан ББС Ўзбек хизмати билан ўтказган суҳбатида хориждаги сиёсий мухолифларнинг Тошкентда 1999 йил 16 Февралда содир қилинган портлашларга алоқаси йўқлигини эътироф қилганди...
Мен бу ерда айтмоқчи бўлган фикр эса, боя айтганимдек ҳаммага маълум бу гапларни такрорлашдан иборат эмас, албатта. 1997 йилларда биз хориждаги сиёсий ва диний мухолифатчилар ҳудди бундан етмиш йиллар (ўтган асрнинг 20 ва 30 йиллари ) олдин жадидчи маърифатпарвар устозлар, қуролли босмачи боболаримиз ва диний уламоларимиз каби бирор масалада иттифоқ бўлиб ҳаракат қилиш (масалан, умумий мухолиф ҳаракати тузиш каби) у ёқда турсин, халқимизнинг мавжуд муаммолари ҳақида жиддий баҳсу мунозаралар ўтказмаганини айтишдан иборатдир. Ким ким билан бу масалаларни жиддий мунозара, муҳокама қилиб, умумий бир ҳаракат ҳақида қайғурар эди?. Ўзи Туркияда юрганларнинг сони икки қўлнинг бармоқлари сонидан ошмасди, бунинг устига улардан бири тоғдан келса, иккинчиси боғдан келарди. Биримиз сиёсат, биримиз маърифат ва яна биримиз жиҳод, дер эдик. Аммо сиёсат қандай бўлади, маърифат қандай амалга ошади ва жиҳод қандай қилинади...Бу ҳақда умумий дастур йўқ эди, ҳатто умумий дастурни ишлаб чиқиш ҳақида ният ҳам, уриниш ҳам йўқ эди у пайтлар...
Мен Туркияга 1993 йилнинг охирида келдим ва 1999 йилда Норвегияга кетдим. Бу йилларда муҳожиротдаги юрган фаолларнинг бирон расмий йиғилиши у ёқда турсин, ўзаро каттароқ бир маслаҳат мажлиси ўтказганимизни ҳам эслай олмайман. Хориждаги мухолифатнинг бундай расмий йиғилиши илк марта 2011 йилда 50-60 киши қатнашган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Берлиндаги биринчи қурултойи, бир йилдан йилдан кейин эса 15-20 киши қатнашган Прагадаги бу ҳаракатнинг иккинчи қурултойи эди.
2014 ва 2016 йилларда Истанбулда Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик жамиятининг 400 кишига яқин ҳамюртларимиз иштирок этган ва Туркистоннинг бугунги ва кечаги муаммолари кун тартибига қўйилган катта расмий йиғилишлар ўтказдик...
Хуллас, муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўша йилларда муҳожиратда бўлишига қарамай Ўзбек мухолифатининг ишларига жиддий аралашгани йўқ эди. Боя айтганимдек, мухолифатнинг ўзининг ҳам аниқ бир дастури, режаси ва мақсади ҳам йўқ эди. Бизнинг мухолиф деган номимиз бор эди. Биз Ислом Каримов режимига қарши эдик, буни Озодлик ва БСС радиосидан гапирар эдик. Зотан, бундан бошқа иш қилишга имконимиз ҳам йўқ эди. Бунинг сабаби эса оддий эди: Биз ватанимиздан ва халқимиздан айрилиб қолгандик. Худди асосий томири кесилгану, бир неча кичкина томири қолган дарахт каби, ўзимиз аранг оёқда турардик...
1997 йилда Тожикистон ҳукумати ва мухолифати орасида тинчлик шартномаси имзоланди. Бундан олдин Тожик уламолардан Акбаржон Тўражонзода бир икки марта Истанбулга келганди. Тақсир ўғлини уйлантирганда у киши тўйга кела олмаган экан. Кейин домла Тўражонзодани тўй бўлиб ўтган Истанбул бўғозининг шундайгина қирғоғида жойлашган Турк рестонига олиб бориб, зиёфат бердик. Зиёфатда муфтий, у кишининг укаси, мен ва яна домла Тўражонзода билан келган бир Тожик меҳмон бор эди. Суҳбат умумий гаплардан, Туркиядаги сиёсий аҳволдан ва шунга ўхшаш гаплардан иборат бўлди. Кейин эшитишимча, айнан Тожикистонда ҳукумат ва мухолифат ўзаро муросага келгандан кейин Акбаржон Тўражонзода Ислом Каримовга муфтийни ватанга қайтариш масаласини таклиф қилган экан...
Бу таклифни “Озодлик” радиосидан шахсан Ислом Каримовнинг ўзи айтганди. “Муфтий ақлли одам, у кишининг ватандан ташқарида юриши яхши эмас...”. Каримов тақсирнинг ватанга қайтиши ҳақида мана шундай сўзлар айтганди. Бу таклифдан кейин ҳам, тақсир яна бир муддат хорижда юрди. Бу орада бу масалада бизлар билан ҳам маслаҳатлашган бўлди. У киши билан танишиб, ҳамкорлик қила бошлаганимизга уч тўрт йил бўлган, Турк тилидан Исломий китобларни таржима қилиш иши ҳам ниҳоясига етиб қолган, “Тафсири Ҳилол”нинг ҳам катта қисми ёзиб тугатилганди...
Тақсир ватанга қайтиш масаласида мен билан маслаҳатлашганда мен жуда қисқа жавоб берганимни эслайман:
“Биз Ислом Каримов режимига мухолифмиз...”. Муфтий бу гапимга ҳам, худди бир пайтлар “Бизда Эрондаги каби оятуллоҳлар йўқ ку”, деган гапимга бўлгани каби индамай қўйганди. Назаримда бу гапларим тақсирга ёқмаганди. Гўё биз мухолифмизу, у киши мухолиф эмасдай...Ватанга қайтиш масаласида менинг гапларимнинг маъноси ҳам аслида шу эди. Аммо мен бу гапни у пайт чуқур ўйлаб айтмагандим: Сиз ватанга қайтсангиз ҳам, биз қайт олмаймиз, деган маънода айтгандим...
Бу марҳум муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан охирги юзма юз суҳбатимиз эди. 1999 йил арафасида эди. Чунки 1999 йил 16 Февраль воқеаси бўлганда у киши Истанбулда эмасди. Укаси Муҳаммад Амин ака билан бирга Истанбулда эдик. Тошкентдаги портлашларнинг зилзиласи Истанбулгача етиб келган ва биз ҳам қаттиқ қайғуга тушгандик ўшанда. Тақсирнинг укаси билан маслаҳатлашиб, менинг машинамда Истанбулдан етти юз километр узоқликдаги Самсун шаҳрига кетгандик. У кунлар Қурбон байрами кунлари эди. Самсундаги бир Турк танишимизникида қурбонлик қилиб, зиёфат қилганимизни худди ҳозиргидек эслайман...
Тақсир мен Норвегияга келгандан кейин бир йилча ўтиб, яъни 2000 йилда менга телефон қилди. Назаримда Истанбулга бир иш билан келганди ва менинг у ердаги дўстларимдан телефон рақамимни олган экан. Салом аликдан ва сўрашишдан кейин у киши мендан: “Норвеглар ўзаро қандай саломлашишар экан?”, деб сўраганди . Мен: “Ҳай (Hei)”, десам, и киши “Ҳай, Гитлер эканда”, деб кулганди телефонда...
Бу менинг тақсир билан охирги марта гаплашишим, суҳбатим эди...
Муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ўзбекистоннинг мусталликка эришиш ва мустақиллик йилларида фаолият олиб борган энг зиддиятли шахслардан ва диний раҳномалардан бири эканлиги жамоатчиликка яхши маълумдир. Бу зиддиянтинг фақат муфтийнинг шахсига тааллуқли эмаслиги, бу зиддият унинг Ислом динини тушуниши, унга амал қилиши, қолаверса Ўзбекистондаги ва Ўрта Осиёдаги сўнгги чорак асрлик ижтимоий сиёсий вазиятга алоқаси борлигини ҳам яхши тушунишимиз керак. Бу ҳақда, кейинги бўлимда фикр юритамиз, инша Аллоҳ...
(Давоми бор)
Намоз НОРМЎМИН

10.03.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий