воскресенье, 24 сентября 2017 г.

ХОТИРА

Эсимда у қоронғу даҳлиз,
Кигиз босар эди қўшни аёллар.
Ўчиб кетди мен босган у из,
Ўрнин олди ширин хаёллар...

Момом ип ўрарди эски урчуқда,
Ва аччиқ ҳаётни баъзан қарғарди.
Қаердандир келган ҳорғин чумчуқча,
Менинг аҳволимга ҳайрон қарарди...
Жонга теккан эди қийшиқ томорқа,
Устимдан кулгандай кавшарди сигир.
Ахир, ҳаёт эмас, ўхшар қамоққа,
Шу хароб қишлоқда яшамоқ, ахир...
Онам тузатарди эскирган шимим,
Мактабга ҳозирман, ўқишга китоб.
Шундай шаклланди шарафу шоним,
Шундай ўтиб кетди у кунлар шитоб...
Неча асрлардир йиғлар Туркистон,
Унинг дардларига чора топилмас.
Бу яра ёмондир, жуда ҳам ёмон,
Қонагани сайин асло ёпилмас...
Белимни боғладим мен ҳам, дўстларим,
Шу кўҳна даъвога бўлай, деб шерик.
Фақат ҳақиқатни кўрсин кўзларим,
Ахир ҳақ йўлида инсонку тирик...
Бу эски дунёда қани ҳақиқат,
Қаерга борсангиз зулм ҳукмрон.
Ғарбда жаҳолату, шарқда хиёнат,
Олға шиорининг ҳаммаси ёлғон...
Мана энди ёлғиз, узоқ шаҳарда,
Ўтган кунларимни бир бир эслайман.
Ҳеч ким кўрмасин деб, калла саҳарда,
Ўзим ўксинаман, ўзим йиғлайман...
Нега шундай бўлди, нега йироқда,
Ватандан узоқда бахтим изладим.
Не аламлар кўрдим, дўстлар фироқда,
Кимларни сен дедим, кимни сизладим...
Эсимда у қоронғу даҳлиз,
Кигиз босар эди қўшни аёллар.
Ўчиб кетди мен босган у из,
Оғир маъюсликда сўнди хаёллар...
Намоз НОРМЎМИН
24.09.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий