среда, 11 октября 2017 г.

ОЛЛАМУРОД ИСАКУЛОВ ДОМЛАГА ЖАВОБ

Ассалому алайкум ҳурматли Олламурод Исакулов ва "ЯНГИ ЖАМИЯТ" гуруҳининг аъзолари.
Олламурод Исакулов домла ушбу саҳифамизда кеча ёритилган "САМАРҚАНДДА ОДАМЛАРНИНГ ҚОНИНИ ИЧИШ БОШЛАНДИМИ?" номли мақолага ушбу изоҳ, яъни муносабатни билдирган.

" Номоз Нормумин.
Ассалому алайкум! Хозирги кунда Узбекистонда пахта масаласи шундай бир паллага кирдики уни таьрифлаш жуда хам кийин.
1.Пахта етиштириш учун бутун республика буйича банклардан олинган трилионлаб маблаг сарфланган ва бу маблаглар пахтани устида турибди.
2.Бу маблаглар кайтарилмаса мамлакат микиёсида пул кредит системасида урнини тулдириб булмайдиган вазият вужудга келади.
3.Бугун пахтани бу микдорда етиштириш нотугри эканлигини нихоят тушиниб етилди деб уйлайман.
3.Фермерлар йил давомида биргина пахта деб бор будини тикишган уларни иктисодий ахволи нихоятда огир ва тушинарли.
4.Шуни учун ортикча ноурин гапларга изн бермаслигингизни сурайман.
5.Хозир Давлат барча имкониятларни ишга солиб бу "балони" териб олиш шарт.
6.Мен пахта масаласини 5 ёшимдан бери биламан, Гдлян ва Иванов билан Кашкадарёда 9 марта учрашганман, гап талашганман,бошимга бало ортирганман,бутун Республикани Бош вазиридан тортиб то оддий табелчигача 23мингдан зиёд камалганларидан бохабарман.
7.Аник ишонаман бу сохада хозирги вазиятдан келиб чикиб катта узгариш булади.
8.Т.И.Жураев масаласига келсак шахсан биламан,асли Сурхондарёлик,кейин такдир такозаси билан Кашкадарёга кучиб келган оддий пахтакорнинг фарзанди. Ута билимли, мулохазали , бутун узбек тарихини,маданиятини билади ва тугри талкин киладиган, ишлаб чикаришни ичидан билиб хисоб китоб билан юритадиган етук рахбар деб биламан ва бугунги шароитда барча имкониятларни ишга солиши шарт, вилоят иктисодини ривожи шуни талаб килади.
9.Мен Самарканданман хар куни кариндошларим,танишларим билан гаплашиб турибман, вазиятга чидаса булади.Шу охирги шундай йилда кузни барча кийинчиликларга чидаб юмуб пахтани йигиштириб олиш керак,бошка йул йук."
Менинг ҳурматли Олламурод Исаков домланинг ушбу фикрларига жавобим шундан иборатдир:
1. Ҳурматли домла, аввало "САМАРҚАНДДА ОДАМЛАРНИНГ ҚОНИНИ ИЧИШ БОШЛАНДИМИ?" номли мақола менинг қаламимга оид эмас. У таниқли журналист Исмат Хушевнинг "Дунё Ўзбеклари" интернет саҳифасидан кўчириб олинган ва "Янги Жамият" саҳифамизга қўйилганда бу манба кўрсатилган. Шунинг учун бу фикрларингизни аввало мақола муаллифига билдиришингиз керак эди, деган фикрдаман. Чунки сарлавҳанинг бу шаклда (қон ичиш) қўйилиши энг камида баҳсталаб эканлигига мен ҳам қўшиламан.
2. Аммо мавзу ниҳоятда муҳим ва сизнинг бу фикрларни Ўзбекистон халқи ва давлатининг бугуни ва эртаси учун қайғуриб, ушбу масъулиятдан келиб чиқиб ёзганлигингизга ҳам шубҳа қилмайман. Менимча Исмат Хушев ҳам ушбу мақоласини фақатгина танқид бўлсин, деб ёзмаган. Ишонинг ушбу мақолани "Янги Жамият" сарлавҳасига қўяр экан, мен ҳам халқимиз ва ватанмизнинг бугунги ва келажаги учун масъулиятдан келиб чиққанман.
3. Пахта етиштириш 20 асрда ҳақиқатан Ўзбек халқининг шўрига айланди. Шу сабабдан Орол денгизи қуриди, энг камида 4 милён инсонимиз сариқ касал бўлиб жигари чириди, сиз айтган прокурорлар Гдлян ва Ивановлар бу фожеаларга сабаб бўлган совет режими раҳбарларини эмас, Ўзбек халқини порахўрликда, қўшиб ёзишда айблади. Бу гаплар жуда кўп такрорланди, ушбу сатрларни ўқиётган ёшлар бу ҳақиқатларни билсин, деб яна бир марта такрорлаяпман.
4. Советлар даврида аслида бир қуллик сиёсати бўлган пахта етиштириш ва териб олиш сиёсати Ислом Каримовнинг 27 йиллик диктатурасида ўзгармай давом этиб келди. Фақат бу йил янги Президент Шавкат Мирзиёев БМТ минбаридан туриб, Ўзбекистонда болалар меҳнати ва аҳолини мажбурий меҳнат қилдириш (халқни қўй каби оммавий шаклда пахта етиштириш ва теришга мажбурлаш) тўхтатилганини эълон қилди. Президент ўз сўзида турди ва олийгоҳ талабалари, ўқитувчилари ва тиббиёт ходимлари дарҳол пахта далаларидан олиб чиқилди.
5. Аммо ҳосил териб олиниши керак эди. Шунинг учун ҳам вилоят ва туман ҳокимлари Президентнинг фармонига зид равишда маҳаллий аҳолини, мактаб ўқитувчиларини ва ҳатто талабаларни қайтадан пахта далаларига ҳайдаётгани ҳақида хабарлари кела бошлади. "САМАРҚАНДДА ОДАМЛАРНИНГ ҚОНИНИ ИЧИШ БОШЛАНДИМИ? " мақоласи аслида мана шу халқни қайтадан давлат кучи билан пахта далаларига қувиш масаласига қаратилганди.
6. Сиз пахта етиштиришга Триллионларча сўм маблағ сарфланди, у териб олиниши шарт, дебсиз. Ҳа пахта териб олиниши шарт, аммо бу Ўзбек халқининг қуллигининг давоми шаклида бўлмаслиги керак. Хўп, бу йил бу шаклда териб олинди, янаги йил нима бўлади. Ахир янаги йилнинг ишлари бу йилдан режа қилинмайдими?
7. Сиз бир зиёли сифатида бу Триллионларча пулнинг кимнинг жиғилдонига тушишини яхши биласиз. Ҳеч шубҳасиз бу пулларнинг энг камида ярми Ислом Каримовнинг маъмурий буйруқбозлик (эски совет) диктатурасининг таянчи бўлган Самарқанд ҳокими Нормўмин Жўраевга ўхшаган раҳбарлар, уларнинг ҳамтовоқлари бўлган прократура, ички ишлар ва МХХ нинг катта ва кичкина ходимларининг чўнтагига тушишини сиз жуда яхши биласиз. Яъни, сизнинг "Фермерлар йил давомида биргина пахта деб бор будини тикишган уларни иктисодий ахволи нихоятда огир ва тушинарли", деган гапингиз ҳақиқат бўлса ҳам, аммо улар пахтадан фойда кўрмаслигини, кўрадиган фойдалари фақат ўзлари ва бола чақаларининг қорнини тўйдиришга аранг етишини сиз яхши биласизку...
8. У ҳолда нима қилиш керак, қандай қилиб пахта экишга сарфланган пулларни давлат касссига қайтариш керак? Бунинг ечими осон. Пуллар қаерда ўзи? Ўзбекнинг пуллари қаердалигини Президент Шавкат Мирзиёев "Давлат ишламайди" ва "Прокурорларнинг ҳаммаси ўғри", деб аниқ айтди. Яъни, Ўзбек халқининг пуллари Самарқанд ҳокими Нормўмин Жўраевга ўхшаган раҳбарлар, уларнинг ҳамтовоқлари бўлган прократура, ички ишлар ва МХХ нинг катта ва кичкина ходимларининг чўнтагидадир. Бунинг яна бир далили Гулнора Каримова ва МХХ эски генерали Шуҳрат Ғуломовнинг ҳар бирининг 1,5 Миллиард доллардан халқ ва давлат пулини ўғирлагани ва талон тарож қилганидир. Яъни, шу икки муттаҳам мустақиллик йилларида Ўзбек халқининг пахтадан келадиган 3 йиллик (ҳар йили пахтадан келадиган даромаднинг 1 Миллиард доллар эканлиги айтилди) даромадини жиғилдонига уришган экан. Мана тешиб чиқди ва улар қамоққа тиқилди...
9. У ҳолда Ўзбекнинг ўғирлаган пулларини Прокурорлар, МХХ катта ва кичкина ходимлари, вилоят ва туман ҳокимларидан куч билан тортиб олиш керак. Бу билан давлатнинг кассасига энг камида 10 Миллиард, кўпида эса 20 ва ҳатто 50 Миллиард доллар келиб тушади. Яъни, ҳар йили 1 Миллиард даромад учун 32 Миллион Ўзбек халқини қул қилмай, аксинча уларга эркинлик ва ҳақ ҳуқуқ бериб, бунинг ўрнига Ислом Каримов даврида халқимизнинг пулларини ўғирлаган муттаҳамлардан бу пуллар қайтариб олиниши шарт. Буни мол мулкни расман қайтадан рўйхатдан ўтказиш (инвентаризация қилиш) билан амалга ошириш мумкин.
10. Энг муҳими бу билан ҳам иқтисодий ислоҳотларнинг тўлиқ амалга ошмаслигидир. Бу ислоҳотлар амалга ошиши учун ҳозир давлат куч билан назорат қилиб турган 95% иқтисодий соҳанинг 70% ининг давлат назоратидан чиқарилиши, бу билан хусусий ва ижара мулкчиликка катта йўл очилишидир. Давлат мулкнинг стратегик аҳамиятга эга бўлган 30% (табиий бойликлар, ҳарбий саноат ва ҳк) эгалик қилса етади. Зотан, хусусий ва ижарачи мулкдорлар 70% мулкни ўз ихтиёрларига олса ҳам, улар давлатга солиқ ва бошқа тўловларни тўлайдилар. Ахир Хитой, Жанубий Корея, Қозоғистон, Туркия каби давлатлар мана шундай хусусий ва ижара мулкчилигига рухсат бериш билан иқтисодий тараққиёт томонга юз бурдилар. Бундай иқтисодий ислоҳотлар бошламаса, ишонинг янаги йилнинг шу кунларида яна биз бечора Ўзбек халқи пахта терсинми термасинми, деган сурункали (хроник) муаммони тортишиб ўтирган бўламиз...
11. Президент Шавкат Мирзиёев Ўрта Осиё сиёсатидаги ижобий қадамлари, бу йил олийгоҳлар талабалари, ўқитувчилари ва тиббиёт ходимларини пахта далаларидан қайтариш каби дадил одимлари билан ўзини ИСЛОҲОТЧИ ВА ПРИНЦИПИАЛ РАҲБАР сифатида кўрсата олди. У ҳолда нега Президент Шавкат Мирзиёев мол мулкнинг 70% нинг бевосита давлат назоратидан чиқарилиб, уни хусусий ва ижарачи мулкдорларга бериш масаласида айни шу ИСЛОҲОЧИ ВА ПРИНЦИПИАЛ РАҲБАРЛИГИНИ кўрсатмаяпти?. Яна нега Президент ўзининг ИСЛОҲОТЧИ ВА ПРИНЦИПИАЛ РАҲБАР эканлигини оммавий ахборот воситаларига эркинлик берилиши масаласида кўрсатмаяпти? Ахир Ўзбекистон телевиденисига МХХ кадри Алишер Хўжаевнинг қайта тайинланиши қандай принципиалликка сиғади?. Яна Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг ИСЛОҲОТЧИ ВА ПРИНЦИПИАЛ РАҲБАР эканлигини нега Ўзбек халқининг ва давлатимизнинг балки 50 Миллиард ва унданда кўпроқ пулини ўғирлаган Прокурорлар, МХХ катта ва кичкина ходимлари, вилоят ва туман ҳокимларидан бу пулларни қайтариб олиш сиёсатини жорий қилиш билан кўрсатмаяпти?
12. Хуллас, Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошлаган кўп қиррали сиёсатлар жадаллаштирилиши лозим:
-Аввало мол мулкнинг 70% хусусий ва ижарачи мулкдорлар назоратига ўтказилиб, бу шаклда иқтисод соҳаси тубдан ислоҳ қилиниши керак.
-Кейин оммавий ахборот воситаларига нисбатан эркинлик бериб бўлса ҳам жамиятда ошкоралик руҳи қайта тикланиши лозим.
-Халқнинг ва давлатнинг амалдорлар тарафидан ўғирланган пуллари давлат кассасига қайтарилиши шарт.
-Шу билан бирга Ўзбекистонни қонун ва ҳуқуқ устун бўлган фуқаровий (ўз ўзини бошқарадиган) жамият шаклига ўтказиш учун сиёсий ислоҳотлар ўтказилиши лозим.
Мана шундай ислоҳотлар ўтказилсагина Ўзбек халқи ҳозирги маъмурий буйруқбозлик тизими ва унинг пахта сиёсатига қул бўлишдан қутулади. Менинг сиз ва сизга ўхшаш зиёлилардан кутаётган жавобим "Президент Шавкат Мирзиёев ишлаяпти, аммо вазирлар ва ҳокимлар ишламаяпти" ёки "Мирзиёевнинг Президент бўлганига ҳали бир йил бўлди, бу қисқа муддатку", деган жавобни айтишларингиз эмас, дадиллик билан, яхши таклиф ва ижобий танқидлар билан Президентга ёрдам беришларингиздир. Зеро, ҳозирги ниҳоятда мураккаб ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий бўҳрондан Президентнинг янги командаси, зиёлилар ва албатта мухолифатнинг ижобий ҳамкорлиги билан чиқиб кетишимиз мумкин.
Ҳурмат билан
Намоз НОРМЎМИН
12.10.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий