вторник, 30 января 2018 г.

ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ КУН ТАРТИБИ ҲАҚИДА

Менимча Шавкат Мирзиёев қайта қайта вилоятларга сафар қилавермаслиги керак. Албатта, Президент мамлакат аҳволидан хабардор бўлиши зарур. Аммо бунинг учун ҳар вилоятга бориб, у ерлардаги фермерлар ишини ёки қўшма корхоналар фаолиятини шахсан текшириши шарт эмас. Тегишли органлар Президентга бу ҳақда керакли маълумотларни етказиб беришади...

У ҳолда Президент нима билан шуғулланиши керак?
1. Президентнинг асосий вазифаси Ўзбекистонни Ислом Каримовдан қолган авторитар диктатурадан мусулмон Ўзбек халқининг қадриятлари ва дунёда давлат қуришнинг ижобий тажрибаларини ҳисобга олиб, ҳақиқий эркинликлар ва адолатга асосланган ЯНГИ ФУҚАРОВИЙ ЖАМИЯТ ВА ДАВЛАТ қуришдан иборатдир. Бу билан Шавкат Мирзиёев ҳақиқий маънода мустақил ва янги Ўзбекистон давлатининг асосчисига айланади. Ислом Каримовнинг бундай давлатнинг асосчиси эмаслиги эса бугун ҳамма учун тушунарли бўлиб қолди.
2. Бунинг учун Президент нима қилса Ўзбекистонда адолатли қонунлар ва фуқаролар ҳуқуқлари ишлай бошлайди, қандай қилса жамият ва давлат ўз ўзини муаммосиз бошқаради, деган масала устида бош қотириши керак.
3. Бунинг учун эса Олий Мажлис фаоллашиши керак. Аммо қандай қилиб? Ҳозирги Олий Мажлис сенаторлари ва депутатларидан умид йўқ. У ҳолда Президент Олий Мажлисга, мухолиф сиёсий кучлар ҳам иштирок этадиган, янги сайловларни ўтказиш жараёни билан бевосита шуғулланиши зарур.
4. ЯНГИ ФУҚАРОВИЙ ЖАМИЯТ ВА ДАВЛАТда оммавий ахборот воситаларига эркинлик берилиши керак. Бу иш аслида аста секин бошланди. Аммо бу жараённинг ҳам қонуний асослари ишлаб чиқилиши керак. Яъни, оммавий ахборот воситалари фаолияти ҳақида янги қонунга эҳтиёж бор.
5. Президент бошланғич, ўрта ва олий таълим муассаларида болаларга ва ёшларга қандай таълим ва тарбия берилаётганини шахсан назорат қилиши ва бошқариши керак. Чунки мамлакат ва ватаннинг кучи янги авлодларнинг илмий, касбий, имоний ва ахлоқий даражаси билан ўлчанилади.
6. Президент Гулнора Каримованинг жиноятларига шерик бўлган Бош Вазир Абдулла Ориповни истеъфога чиқариб, унинг ўрнига ёш ва қобилиятли бир Вазирни Бош Вазир қилиб тайинлаши лозим. Янги Бош Вазирга ҳукуматнинг иқтисод ва молия соҳасини бошқариш топширилиши керак ва у Президентга ҳар ҳафта бу соҳада қилинаётган ишлар ҳақида маълумот бериши керак.
7. Президент мамлакатда нодавлат ташкилотлари, яъни инсонлар ўз ташаббуслари билан қурадиган турли (ижтимоий, маданий, адабий ва ҳк) фуқоравий уюшмалар тузилишини ҳам ўз назоратига олиши керак. Чунки Ўзбекистоннинг тараққий қилиши фуқораларнинг моддий ва маънавий соҳалардаги ташаббусларига боғлиқдир. Инсонлар бу соҳаларда қанчалик фаол бўлсалар мамлакат шунчалик тез тараққиёт қилади.
8. Президент Ўзбекистон Давлат Низомига (Конституциясига) ўзгартиришлар қилиш ҳақида гапирган эди. Бу ўзгартиришлар нималардан иборат бўлади? Масалан, унда давлатнинг янги мафкурасига аниқлик киритиладими? Давлат ҳокимиятининг асосий уч тармоғи, Қонун чиқарувчи (Олий Мажлис), Ижро (Вазирлар Маҳкамаси) ва Маҳкама (Суд) ҳокимиятларининг бир биридан мустақил бўлиши учун қандай ўзгартиришлар қилинади?
9. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан Ўрта Осиё давлатлари ва халқлари орасидаги муносабатларда жуда катта ижобий ўзгаришлар бўлмоқда. Эндиги масала бу ижобий ўзгаришларни Ўрта Осиёда янги бир ҳамкорлик ёки иттифоқ даражасига олиб чиқишдир.
10. Президент Ўзбекистоннинг халқаро обрўйини кўтариш учун Ислом Каримов диктатураси сиёсатидан тамоман воз кечилгани ҳақида расмий баёнотлар бериши мақсадга мувофиқдир. Бу билан халқаро майдонда Ўзбекистонга қизиқиш ортади, чет эл сармояси ва туристларнинг ватанмизга келиши учун шароитлар ўртага чиқади.
Мен бу таклифларимни бир мухолиф сиёсатчи сифатида айтяпман. Ҳукуматни ва Президентни фақат танқид қилиш билан бир нарса ўзгармайди. Ҳукуматга аниқ таклифлар ҳам айтилиши керак. Кўриниб тургани каби бу таклифларимда Президентнинг шахсига ва лавозимига ҳақорат йўқ. Барча ҳамюртларимни Ўзбекистонда бошланган ижобий ўзгаришларни аниқ таклифлар билан қўллаб қувватлашга чақираман.
Намоз НОРМЎМИН
31.01.2018
BeğenDaha fazla ifade göster
Yorum Yap

Комментариев нет:

Отправить комментарий