четверг, 11 января 2018 г.

ПСИХОЛОГИЯ РУҲШУНОСЛИКМИ?

Бу мавзу бизни катта бир муаммонинг, вақт ўтган сайин тобора мураккаблашиб ва чуқурлашиб бораётган муаммонинг илдизи томон бошлайди. Гап, таъриф унчалик тўғри бўлмасада, инсонларнинг руҳий соғлиги масаласи ҳақида бормоқда...

Руҳий соғлик, дедик. Нима у ўзи, қандай соғлик бу? Бир нарса аниқ: Психиатрия соҳаси инсонларнинг ақлий касалликларини тадқиқ қилади ва уларга шифо излайди. Ақлий касалликлар эса оддий ўзбек тилида жинниликдир. Шизофрения ва ҳар хил депрессия (асаб бузуқликлари) касалликларидир. Жинни бўлган кишининг ақлий фаолияти бузилади, у нормал фикрлай олмайди, тафаккури йўққа чиқади...
Аммо психология психиатрия каби тиббий соҳа эмас. Бу соҳа мутахассислари уни ижтимоий илмлар соҳасига оид, дейишади. "Психика" эски Юнон тилида "Psychikos" руҳ, руҳга оид, деган маънони билдиради. Бу билан инсонларнинг шахсий дунёларида (ички дунёларида) ва ижтимоий ҳаётдаги жисмоний ва маънавий аҳволлари, ўзларини тутишлари, бошқаларга муносабатлари, фикрлашлари, сўзлашишлари..Хуллас инсоннинг ўз ва ташқи дунёсида ўзини тутиши, кўрсатиши ва бунга боғлиқ муаммолар, уларнинг ечими тушунилади. Баъзи исломий манбаларда психлогия “нафс илми” сифатида ҳам талқин қилинади...
Ажабо, инсонда бутун бу фаоялиятлар учун фақат унинг руҳи масъулми?
Бу саволнинг умумий жавоби "ҳа", нисбий жавоби эса "йўқ"дир. Чунки инсон руҳи жон манбаидир, яъни у инсоннинг вужуди ва ундаги триллонларча ҳужайраларга жон бергани каби, унинг қалбига, ақлига, нафсига ва онгига ҳам жон беради. Ўлим келиши, яъни руҳ вужуддан айрилиши билан инсондаги бутун бу органлар ва "қисмлар"нинг фаолияти ҳам тўхтаб қолади...
Шу билан бирга Қуръони Каримда Руҳ Қуръоннинг ўзи (Шуро сураси, 52 оят), Муқаддас Руҳ, яъни Жибрил ас (Бақара сураси, 87 оят), Ийсо ас (Нисо сураси, 171 оят), "Аллоҳ инсонга Руҳидан пуфлади" (Сажда сураси, 9 оят) ва хулосавий шаклда "Ва Сиздан руҳ ҳақида сўрарлар. Сиз:«Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир»", деб айтинг (Исро сураси, 85 оят) шаклларида марҳамат қилинган.
Руҳ ҳақида илоҳий ҳақиқатларни хотирлаганимиздан кейин, инсон қалби, ақли, нафси ва онгининг моҳияти ва вазифалари ҳақида ҳам қисқача тўхталайлик. Маълумки, ўзан, деб дарё оқадиган жойларга айтилади. Инсоннинг ички дунёсидаги бутун жараёнлар ҳам ўзига хос “оқим” бўлгани учун бу ифодадан фойдаланамиз. Инсон қалбининг имон ўзани эканлиги маълумдир. ("Ҳали иймон қалбларингизга киргани йўқ", Ҳужурот сураси, 14 оят) Шунингдек, қалб ақлнинг ҳам ўзанидир ("Уларнинг қалблари бору тушунмайдилар (тафаккур қилмайдилар)", Аъроф сураси, 179 оят) .Инсон нафси эса умумий маънода инсоннинг ўзи ("Бир қавм ўзидагиларни ўзгартирмагунча. Аллоҳ бу қавмни ўзгартирмайди", Раъд сураси, 11 оят) ва нисбий маънода турли истаклар (шаҳватлар) ўзанидир. ("Ва мен ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка кўп ундовчидир" (Юсуф сураси, 53 оят), Онг (Шуур) эса инсоннинг ўзини ва ташқи дунёни таниш ўзани ("Огоҳ бўлинг, улар, фақат улар фасодчилардир, лекин бундан бехабардирлар (ўзларининг бу ҳолларини танимайдилар)" (Бақара сураси, 12 оят) сифатида ифодалангандир.
Айтиш керакки, пиширилган таомда уни ташкил қилган нарсалар (ёғ, сув, гўшт, гуруч ва ҳк) бир бири билан аралашиб кетгани каби, Аллоҳ таоло энг мукаммал мавжудот ўлароқ яратган инсонда ҳам руҳ, қалб, ақл, нафс ва онг бир бирлари билан "аралаш қуралаш" ҳолдадирлар. Исломий манбаларда, айниқса калом каби диннинг аслидан узоқ ва фалсафа каби динимизга алоқасиз бўлмаган соҳаларда руҳ дейилганда нафс ёки қалбнинг тушунилиши ёки бунинг аксининг иддао қилинишини учратиш мумкин.
Бу ерда онг, яъни ҳуш ҳақида алоҳида тўхталиш тўғри бўлса керак. Чунки руҳ, қалб ва ақлнинг фаолиятлари ҳақида инсонларда маълумотлар аниқроқ ва кенгроқдир. Аммо онг ёки ҳуш нима ва унинг фаолияти нимадан иборат, деган саволга жавоб бериш унчалик ҳам осон эмас...
Содда тушунтириш билан айтганда онг ёки ҳуш инсоннинг аввало ўзини, ўзгаларни ва атроф муҳитни таниши воситасидир. Бу таниш онгдаги дастлабки танишдир. Масалан, ёш боланинг ўз ота онасини, қуёш, ой ва юлдузларни таниши каби. Маълумки, ёш болаларда ақл ҳали тараққий қилмаган ҳолда бўлади. Шунга қарамасдан икки уч яшар бола юқорида айтилганларни ўз онги ёки ҳуши ёрдамида бемалол танийди. Худди шундай, ақл фаолияти қисман ёки бутунлай издан чиққан жиннилар ҳам мана шу яқинларини ёки нарсаларни таний оладилар. Онг ёки ҳушнинг бирон сабаб билан "йўқолиб" қолишига тиббиётда кома ёки ҳушсизлик ҳолати, дейилади. Бу эса асосан бош миянинг турли жароҳати ёки зарар кўриши (заҳарланиши, жигар, буйраклар ёки бошқа органларининг оғир касаллиги туфайли зарар кўриши) туфайли содир бўлади. Кома ҳолига тушган инсонларда ақлнинг фаолияти ўз ўзидан тўхтайди. Бу эса онг ёки ҳушнинг ақл учун ўзи хос ўзан ("оқим ўрни") эканлигига далил бўла олади. Юқорида қалбнинг ҳам ақл учун ўзанлиги айтилганди. Шу боис, баъзи олимлар ақлнинг ўзани масаласида ихтилоф ҳам қилишган. Улардан баъзилари ("Уларнинг қалблари бору тушунмайдилар (тафаккур қилмайдилар", Аъроф сураси, 179 оятини) далил кўрсатиб ақлнинг ўзани қалбдир дейишган бўлса, бошқалари эса мантиқий хулоса билан инсоннинг бошини (бош мияни) бу ўзан ўрнида кўришган.
Демак, онг ёки ҳуш аввало инсон учун ўзини, ўзгаларни ва атроф муҳитни таниш воситаси ва ақл фаолияти учун бир ўзандир. Шу билан бирга онг ёки ҳушда инсоннинг хаёл дунёси ёки олами ўрин олгани ҳам бир ҳақиқатдир. Тўғрироғи, инсоннинг хаёл дунёси инсон қалби, нафси, ақли ва онгида акс этадиган ички дунёдир...Хаёл қилиш, хаёлга ботиш...Турли даражада ўй ёки тафаккур ёрдамида ўз хаёлида ўтмишни, бугунни ва келажакни жонлантиришга уриниш, тасаввур қилиш...Бу билан хурсанд ёки маҳзун бўлиш...
Шу ўринда шахс онги ёки ижтимоий онг масаласи табиий равийшда кун тартибига келади. Шунинг учун мутахассислар Психология соҳасини “Инсон психологияси” ва “Ижтимоий Психлогия”, дея икки катта бўлимга айирадилар. Шахс онги ёки ижтимоий онг атама ва ифодалари аслида шахснинг ақлий ва идрокий кучини, жамиятнинг эса бирор фикрга (мафкурага) турли даражада илмий ва амалий боғлиқлигини кўрсатади. Бу маънода шахс онги ёки ижтимоий онг ҳақида эмас, шахс ва жамият тафаккури ҳақида гапириш ўринлироқ бўлса керак...
Руҳ, қалб, ақл, нафс ва онг фаоялиятларининг барчасининг мавзумизга, яъни психология соҳасини тушунишга алоқаси борлиги ўз ўзидан тушунарли, деб ўйлайман. У ҳолда пихология нима ўзи, у қандай соҳадир?.
Умумий таърифга кўра (масалан, Wikipedia га кўра), Психология одамларнинг хулқ-атвори, шахсларнинг ўзларига ва ўзгаларга муносабатини, ақли, онгига алоқали жараёнлар ва нафсий жараёнларининг илдизларини ўрганадиган соҳадир. Бошқа сўз билан айтганда психология руҳшуносликдан кўра ҳам, "инсоншунослик" соҳасидир.
Бу соҳа қисқача айтганда қуйидаги мавзу ва масалаларни тадқиқ қилади ва уларга боғлиқ муаммоларни ечишга уринади: Масалан, бир инсон нега ўзига бошқаларга қараганда камроқ ишонади, яъни нега тортинчоқ, нега ўқиши ва ўрганиши суст, нега бошқалар билан муносабатларда (кўришганда ва суҳбатлашганда) меъёрий (нормал) муносабатларни йўлга қўя олмайди, инсон нега ёлғон гапиради, унинг тарбиясидаги камчиликлар нималардан иборат ва бу камчиликлар қандай тузатилади...
Шунингдек, психология шахс ва жамият ҳаётининг ушбу соҳалардаги муносабатларни ҳам ўрганади ва улардаги муаммоларга чора излашга уринади:
-Инсоннинг ўзи ва ўзагаларга муносабатлардаги муаммолари
-Ота-оналар ва фарзандларнинг муносабатларидаги муаммолар
-Турли даражадаги мактабларда ўқитувчи ва ўқувчиларнинг муносабатларидаги муаммолар
-Иш жойидаги инсонларнинг ўзаро ва раҳбарлар билан муносабатларидаги муаммолар
-Оилавий муносабатлардаги муаммолар, улар орасидаги меҳру муҳаббат, ётоқхонадаги муносабатлардаги муаммолар...
Инсонлар асосан тил (гаплашиш, суҳбатлашиш) воситасида ўзаро муносабатларда бўлишлари маълум. Бундан ташқари “вужуд тили”, яъни учрашув ва суҳбат чоғида инсоннинг ўзини тутиши, қўллар, оёқлар, кўз ва қошларнинг ва вужуднинг бошқа қисмларининг ҳаракатга келиши, суҳбат давомида инсоннинг ўринли ва ўринсиз кулиши, асабийлашиши ва ҳатто йиғлаши ҳам кишининг кимлигини кўрсатиши, шахсидаги муоммаларига далил бўлиши мумкин. Булар психологлар ўз муаммоларига ечим излаб келганларда энг кўп эьтибор берадиган хусусиятлардир.
Шахс ва жамият ҳаётида бундай муаммоларнинг ўртага чиқишининг сабаблари албатта, кўп. Аввало шуни билишимиз керакки, инсонлар ақл ва имон нуқтаи назаридан турли даражада яратилгандир. Яъни, ҳамма ҳам ақлий ва эътиқодий (имоний) жиҳатдан бир хил ва тенг салоҳиятларга эга эмас. Кимнингдир ақли паст ёки меъёрий ёки ўта ақллидир. Кимдир эътиқодли ёки эътиқодсиздир. Шунинг учун ўқиб ўрганишда ва бирор ишни, касбни уддалашда ҳамма инсонлар бир хил салоҳият ва муваффақиятларни кўрсата олмайдилар. Қолаверса, инсон шахсининг баркамоллигида унга Аллоҳ тарафидан берилган қобилиятлар аҳамиятли бўлгани каби, у туғилган оила, яъни ота онасининг кишиликлари, у яшайдиган жамиятдаги умумий тараққиёт ва ахлоқий меъёрларнинг даражалари ҳам катта аҳамиятга эгадир...
Ҳозирги тобора оммавийлашиб бораётган моддапарастлик ва манфаатпарастлик ҳамда глобализм, интернет технологияси ва алоқалари, уларда сунъий муносабатларнинг ёйилиши ва қўрқинч геополитик (дунё бошқарувининг изданчиқиши натижасида халқлар ва давлатлар орасида уруш жанжалларнинг ортиши) шартларнинг шахслар ва жамиятлар ҳаётини яна кўпроқ таназзулга учратаётгани ҳам бир ҳақиқатдир. Бошқача сўз билан айтганда инсонлар “замонавий технология ва сунъий алоқалар жоҳилиятини” бошдан кечирмоқда. Натижада инсонларнинг ақлий мувозанати, кўнгил роҳати, ўзаро ишончлари, имоний бахту саодатлари оғир зарбалар олмоқда. Шоирона усулда айтадиган бўлсак:
Йўл бору, юриш қийин,
Жон бору, туриш қийин.
Кўзларла зулмат эмас,
Ёруғни кўриш қийин...
Ушбу маънода ҳозирги Ўзбек жамиятининг аҳволига назар соладиган бўлсак, ватанимизда шахс ва жамиятнинг ҳар томонлама тараққий қилиши учун шарт шароитларнинг етарли даражада мавжуд эмаслигини кўришимиз мумкин. Бундай умумий турғунлик шароитида инсонлар ўзларини илмий ва амалий жиҳатдан баркамол қилишлари учун зарурий шарт шароитларга эга эмаслар. Мактаб ва маърифат ишлари тўғри ва юксак савияда йўлга қўйилмаган, миллий мафкура, яъни соғлом эътиқод ва соғлом ақлнинг маҳсули бўлган ижтимоий тафаккур шаклланмаган, бунинг ёнида иқтисодий таназзул шароитида шахслар ва жамият тобора моддапарастлик ва манфаапарстлик ботқоғига ботиб бораётган бундай ҳолатда жамият ва унинг аъзоларининг турли шахсий, илмий, ахлоқий ва амалий муаммоларга дуч келиши муқаррардир. Бундай ачинарли ҳолга ҳаммамиз гувоҳмиз, десам адашмаган бўламан...
Бунинг ёнида ҳозирги глобализм (инсонлар, турли гуруҳлар, иқтисодий ширкатлар учун дунёда чегараларни осон ошиб ўтиш шароитининг пайдо бўлгани ва замонавий кўчманчиликнинг ортиши) шартлари ҳам инсонлар фитрати ва жамиятлар тузилишига салбий таъсир қилмоқда. Инсонларнинг ўзлари туғилиб ўсган жойлардан бошқа жойларда ўзга анаъналар, тиллар ва маданиятлар таъсирида яшашлари уларнинг фитрий хусусиятларининг ўзгаришига (масалан, кундалик ҳаётда она тилида эмас, бегона тилларда гаплашишларига) олиб келмоқда. Глобализм ва интернет дунёсининг бундай баъзи маъқул, баъзи номаъқул таъсирлари, тўғри ва нотўғри хабарлари ва маълумотлари шахслар ва жамият ҳаётидаги муаммоларни янада кўпайтираётгани ва чуқурлаштираётгани ҳам бир ҳақиқатдир.
Ушбу мавзунинг муҳим жиҳатларидан бири ҳозирги кунда ўзларини психологлар ёки руҳшунослар, деб танитаётган “мутахассислар”нинг ўз касбларини фақат дунёвий, яъни моддий илмлар ва турли фалсафий қарашларнинг инсон ва жамиятга баҳо бериши асосида ўрганганликлари ва амалий тажрибаларни ҳам мана шундай бир томонлама илмий хулосаларга асослантиришларидир. Ҳолбуки, дунёвий илмлар ва турли фалсафий қарашларда инсон қандай мавжудот ўзи, руҳ, қалб, онг, нафс нима деган саволларга қониқарли жавоб топилайди. Улардаги турли назариялар ва амалий ишлар фақатгина инсон ақли ва ҳаётий тажрибаларга таянади. Яъни, аслида бугун Руҳшуносман, дейдиганларнинг ўзлари руҳ ҳақида етарли ва тўғри маълумотга эга эмаслар. Бу ерда психотерапия номи билан сеҳр ва қоҳинликка ўхшаш усуллар билан инсонларни “даволаётганларни” ҳам унутмаслигимиз керак...
Мусулмончиликда дунё ҳаёти бир имтиҳон ўрнида кўрилади. Яна Ислом динида ҳар бир шахснинг (мусулмон ёки номусулмон) ва улар яшайдиган жамиятларнинг асосий сифатлари аниқ қонун ва қоидалар билан ёритиб берилган. Шунинг учун динимиз қонун ва қоидалари мукаммал бўлган ва йўлчилари уларга амал қиладиган текис, кенг ва ёруғ йўлга ўхшайди. Бундай йўлда эса турли муаммо ва ҳалокатларнинг содир бўлиш эҳтимоли деярли йўқдир. Содир бўлса ҳам, муаммо бу соф эътиқодий ва яхши амалий йўлнинг эмас, унинг қоидаларига яхши амал қилмаган йўлчиларнинг хатоси ўрнида кўрилади. Шу билан бирга Ислом дини инсон нафси, қалби ва ақлининг моҳиятини ва уларга оид муаммоларнинг ечимларини ҳам мукаммал шаклда ёритиб бергандир...
Ушбу мақоланинг ёзилишига бу ердаги дўстлардан бирининг “Яхши психолог танишингиз борми?”, деган саволи сабаб бўлди. Унинг айтишича ўзининг асабий ва бунга боғлиқ ҳолда оилавий муаммолари бор экан. Бир неча марта суҳбатлашганимиздан кейин ўрта маълумотли бу кишининг дунё ҳаёти, инсон, мусулмончилик, оила ҳаёти ҳақида кўпгина маълумотларни билмаслиги ёки нотўғри билиши маълум бўлди. Менинг бу масалаларда айтган фикрларимдан кейин аҳволининг анча яхши томонга ўзгарганини билдирди...
Хуллас, Психолог ёки руҳшуносларга мурожаат қилишдан олдин, бу ҳақда жиддий ўйлаб кўринг. Ўзингизни, ички дунёнгизни ва сиз мурожаат қилмоқчи бўлган мутахассисларнинг кимлигини яхши ўрганинг...
Намоз НОРМЎМИН
10.01.2018
Қўшича маълумот: http://old.islom.uz/content/view/2608/137/

Комментариев нет:

Отправить комментарий