суббота, 3 марта 2018 г.

ПИРЛАРНИНГ АРВОҲЛАРИДАН ЁРДАМ СЎРАМАНГ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
"(Эй, оламларнинг Робби бўлган Аллоҳ таоло): Ёлғизгина Сенга ибодат қиламиз ва ёлғизгина Ўзингдан ёрдам сўраймиз" (Фотиҳа сураси, 4 оят)
"(Эй, Муҳаммад) Айтинг «Албатта, мен сизларга зарар ҳам, фойда ҳам бера олмайман" (Жин сураси, 21 оят)

Ушбу мавзу катта бўлгани ва уни қисқароқ шаклда ифодалаш учун асосий фикрларимни рақамлар воситасида ёзмоқчиман:
1. Юқоридаги ояти карималарда инсонлар ёрдам истаб, яъни дуо илтижо қилиб фақат Аллоҳ таолога муножаат қилишлари лозимлиги айтилмоқда. Яъни, эй Аллоҳим, менга ёрдам бер, шифо бер, ишларимга баракот бер, мушкулимни осон қил ва шу мазмундаги дуо ибодат фақат Аллоҳ таологагина қилинади.
2. Жин сураси 21 оятида Муҳаммад сав га "Эй Пайғамбар айтинг, мен сиз инсонларга илоҳий жиҳатдан зарар ҳам бера олмайман, фойда ҳам бера олмайман", дейилмоқда. Шунинг учун ҳам мусулмонлар Муҳаммад сав муножаат қилиб "Эй Пайғамбаримиз, бизга ёрдам беринг, шифо беринг, ишларимизга баракот беринг, мушкулимизнини осон қилинг ва шу мазмундаги дуо ибодат"ларни қилмайдилар.
3. Пайғамбарларга бундай дуо муножаатлар қилинмас экан, улардан кейин ўтган Аллоҳнинг солиҳ бандалари, улар пирларми, авлиёларми, шайхларми, уларга : "Эй пиримиз , эй авлиёуллоҳ, эй шайхимиз менга ёрдам беринг, шифо беринг, ишларимга баракот беринг, мушкулимни осон қилинг" ва шу мазмундаги дуо ибодат қилинмайди. Чунки Ислом дини тавҳид, яъни яккахудолик динидир. Динимизда бандалик, ибодат фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина қилинади.
4. Мусулмончиликда муқаддас қабрлар бўлмайди, чунки мусулмончиликда (Насронийликда ва буддизмда роҳиблар, муқаддас оталар бўлгани каби) муқаддас инсонлар бўлмайди. Ислом динига кўра ҳамма инсонлар савоб ҳам, хато ҳам, гуноҳ ҳам қилиши мумкин.
5. Мусулмончиликда қабрлар оддий бўлади, танилиши учун устига кичикроқ тош ва шунга ўхшаш нарсалар қўйилади, қабрларнинг устига мақбаралар, гумбазлар, мавзолейлар, ҳайкаллар қўйилмайди.
6. Ислом динида қабр зиёрат қилиш Суннат амаллардандир. Қабр зиёратига икки мақсад билан борилади: Биринчиси, ўлимни хотирлаш. Иккинчиси, марҳамлар учун Аллоҳдан мағфират сўраб дуо қилиш. "Эй Аллоҳим марҳум отамни, онамни, устозимни, дўстимни мағфират қил", дея ихлос билан Аллоҳ таолога дуо қилинади. Яъни, мақсад марҳумлардан исталмайди, марҳумлар мағфират қилиниши учун учун Аллоҳ таолодан исталади, дуо қилинади.
7. Мусулмончиликдан қабрларга бориб марҳумларнинг ҳаққига қурбонлик сўйилмайди, чунки қурбонлик ибодати ҳам Аллоҳ таолога қилинади, қабрларга ип боғланмайди, танга ташланмайди, қабрлардаги арвоҳлар уради бизни, дейилмайди.
8. Мусулмончиликда динни ўргатадиган аҳли илмлар устозлар ўрнида кўрилади, уларни мусулмонлар бир бирларини Аллоҳ учун яхши кўрганлари каби Аллоҳ учун яхши кўриш жоиздир. Фақат жамоатнинг иши фақат бир кишининг, у устоз бўладими, мусулмонларнинг раҳбари бўлмадими, бир кишининг иродасига берилиб қўйилмайди. Ишлар Шўро маслаҳатлашиш билан олиб борилади ва мусулмонларнинг раҳбарлари шу Шуроларда сайланади ва улар Шуроларда олинган қарорлар асосида (албатта диннинг асосларига амал қилиб) раҳбарлик қиладилар.
9. Мусулмончиликда бошига мусибат тушган киши " Эй пирим етишинг, эй Ҳизр етишинг, эй авлиёуллоҳ етишинг", дея дуо муножаат ҳам қилмайди. Яхши ва ёмон ҳолатларда Аллоҳ таолога дуо муножаат этиб, "Эй Аллоҳим, Сен Ўзинг ёлғиз Роббим ва Илоҳимсан, ўзимни Сенга топширдим, ёрдамингга, мағфиратинга ва эҳсонингга мухтожман" ва шу каби дуолар қилинади.
10. Ислом динида ширк амаллар, яъни Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳларга сиғиниш, дуо қилиш, қурбонлик қилиш ва шунга ўхшаш ширк амаллар кечирилмайдиган гуноҳ ўрнида кўрилади:
"Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир" (Нисо сураси, 48 оят)
11. Кейинги вақтда умумий эркинликлар шамоли эсгани учун диний мавзулар ҳам қайтадан кун тартибига кела бошлади. Шу билан бирга ўтиб кетган пирларни, авлиёларни улуғлаш, уларнинг қабрларини зиёротгоҳларга айлантириш ва шунга ўхшаш гаплар кўпайиб бормоқда. Ушбуларни инобатга олиб, содда ва тушунарли тилда марҳумларга қандай муносабатда бўлиш масласида ушбу эслатма насиҳатлар ёзилди.
Аллоҳ таоло бизларни Ҳақ йўлдан айирмасин, гуноҳларимизни мағфират қилсин! Омин!
Намоз НОРМЎМИН
03.03.2018
Расмда: Туркияда муқаддаслаштирилган Мавлоно Жалолиддин Румий мақбараси

Комментариев нет:

Отправить комментарий